Маълумки, сўнгги йилларда дунёда талафотли зилзилалар сони ортиб, улар аҳоли ҳаёти ва мамлакатларнинг ижтимоий-иқтисодий инфратузилмаларига жиддий таъсир кўрсатмоқда. Шу боис юртимизда сейсмик хавфсизликни таъминлаш соҳасини доимий такомиллаштириб бориш, мавжуд ва қурилаётган бино-иншоотларнинг сейсмик мустаҳкамлигини таъминлаш, зилзилани прогнозлаш, мониторинг қилиш ҳамда унга тайёргарлик кўришда давлат органлари ва ташкилотларининг ўзаро алоқаларини кучайтириш муҳим аҳамиятга эга.
Сейсмик хавфсизликни таъминлаш соҳасига замонавий ёндашувларни жорий қилиш, бино ва иншоотларнинг зилзилабардошлигини янада ошириш, кучли зилзилаларни прогноз қилишнинг янги усулларини ишлаб чиқиш ва уларга тайёргарлик кўришнинг замонавий тизимини яратиш мақсадида давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 17 апрелда “Бино ва иншоотларнинг зилзилабардошлигини ошириш ҳамда сейсмик хавфни мониторинг қилиш фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори имзоланди.
Ушбу ҳужжатда белгиланган вазифалар ижроси қандай амалга оширилмоқда? Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги Лойиҳа фаолияти ва сейсмик хавфсизлик талаблари мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи Ш.Одилов бу ҳақда қуйидагиларни маълум қилди:

– Ўзбекистонда сейсмик хавфсизлик ва зилзилага тайёргарлик кўриш ишлари кучайтирилган. Юқоридаги қарор ижроси юзасидан тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, 2024 йил 1 августдан бошлаб хавфлилик омили III-IV тоифа бўлган объектларни ҳудуднинг зилзилалар кучини кўрсатиб берувчи минтақавий акселерограммалар базаларидан келиб чиқиб лойиҳалаш ва қуриш тартиби жорий этилди. Шунингдек, янги қурилиши режалаштирилаётган III-IV тоифадаги объектларнинг лойиҳа смета ҳужжатларида зилзилабардошликка доир инструментал-техник текширувдан ўтказишни инобатга олиш тартиби белгиланди. Янги қурилган барча турдаги бино ва иншоотлар, кўп квартирали уй-жойларнинг конструктив тизими, қурилиш майдонининг сейсмик даражаси, юк кўтарувчи конструкциялар материалларининг мустаҳкамлик кўрсаткичларини назарда тутувчи электрон техник паспортларни шакллантириш ҳамда Pasportbino.uz платформасига киритиш шакллантирилди. Қолаверса, кўп қаватли (16 ва ундан юқори) бино ва иншоотларни лойиҳалаш ва қуриш учун миллий техник жиҳатдан тартибга солиш стандартларини ишлаб чиқиш бўйича ишлар амалга оширилмоқда. Нормада кўзда тутилмаган техник ечимларни қўллаган холда объектларни лойиҳалаш бўйича махсус техник шартлар ишлаб чиқилиб, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги илмий-техник кенгашда кўриб чиқилиб хулоса берилмоқда. Ҳозирда махсус техник шартларни келишиш тартибини рақамлаштириш бўйича ишлар амалга оширилмоқда.

Мазкур ҳужжатга асосан, сейсмик фаол зоналарда МСК-64 шкаласи бўйича 8 ва ундан юқори баллик сейсмик фаол зоналарда янги қурилиши режалаштирилаётган 5 қаватдан юқори тиббиёт объектлари ҳамда 9 қаватдан юқори биноларни актив сейсмик ҳимоялаш қурилмалари, шу жумладан, сейсмоизоляция ва демпфер ускуналари билан лойиҳалаш амалиёти йўлга қўйилган. Актив сейсмик ҳимоялаш қурилмаларини ўрнатиш қурилиш ишларига масъул бўлган буюртмачи ташкилотлар томонидан молиялаштирилади.
Қолаверса, қарорда янги қурилаётган объектларнинг хавф-хатар тоифасини ҳамда қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий инспекторларнинг иш тажрибасини инобатга олган ҳолда давлат назоратини амалга ошириш ишлари ташкил этиш белгиланган. Ҳужжат билан сейсмик хавфсизликни таъминлашга қаратилган ҳудудий чора-тадбирларни амалга ошириш режалари тасдиқланди. Ҳудудларда кучли зилзилаларга тайёргарлик кўриш ишларини «аниқ илмий прогнозларга асосан» ташкил этиш мақсадида Сейсмопрогностик мониторинг республика маркази томонидан зилзила хавфи ва прогнозига оид хулосаларни ҳар ойда Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликларига киритиш амалиёти йўлга қўйилди. Агар хулосаларда кучли зилзила хавфи ҳақида огоҳлантириш бўлса, тегишли ҳудудлар раҳбарлари томонидан ҳудудларнинг зилзилага тайёргарлик кўриш режаларига мувофиқ ишлар ташкил этилади.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА