Ўзбекистонда қисқа фурсатда замонавий спорт инфратузилмаси яратилгани эътироф этилди
Ўзбекистон давлат спорт академиясида Туркиянинг Қирққалъа университети ижроия кенгаши аъзоси, профессор Пелин Аксен билан учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқот жараёнида икки олий таълим муассасаси ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, таълим ва илмий фаолият йўналишларида тажриба алмашиш ҳамда истиқболли йўналишлар муҳокама қилинди.
Олий таълим муассасалари фаолияти ва тажрибаси билан яқиндан танишиш, ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари кўриб чиқилди.

Ташриф давомида туркиялик спорт таълими мутахассислари пойтахтимизда бунёд этилган “Олимпия шаҳарчаси” билан яқиндан танишиб, Ўзбекистонда қисқа фурсатда кенг коммуникация тизимларини жамлаган замонавий спорт инфратузилмаси яратилганлигини эътироф этди. Шаҳарчада фаолият юритаётган бир-биридан бетакрор спорт иншоотлари ва уларда яратилган шароитлар, спорт машғулотларини ташкил этиш имкониятларига юқори баҳо берди.
Т.Рўзиев, ЎзА