Ўзбекистонда қарийб 40 йиллик поездлар ўрнини замонавий электропоездлар эгаллайди
Ўзбекистонда шаҳар атрофи темирйўл қатновини янгилашга қаратилган йирик лойиҳа амалга оширилмоқда. 157 млн евро қийматидаги лойиҳа доирасида Чехиянинг «Škoda Transportation» компаниясидан 10 та замонавий электропоезд харид қилиниши режалаштирилмоқда. Янги поездлар қарийб 40 йиллик эски таркибларни алмаштириб, етти йўналишда йўловчиларга хизмат кўрсатади.
Тошкент шаҳар Кенгаши томонидан маъқулланган лойиҳа концепциясига кўра, янги электропоездларни харид қилиш ва шаҳар атрофидаги йўловчи ташувларини модернизация қилиш учун жами 157 млн евро йўналтирилади. Янги таркиблар 1983–1987 йилларда ишлаб чиқарилган 10 та ER9Ye русумли электропоезд ўрнини эгаллайди. Тўрт вагондан иборат янги поезд 432 нафар йўловчига мўлжалланган. Уларнинг максимал ҳаракат тезлиги соатига 160 километргача етиши мумкин.
Замонавий таркиблар йўловчилар учун қулайликларни ҳам оширади. Хусусан, поездлар иқлим назорати, Wi-Fi, видеокузатув, электрон ахборот тизимлари билан жиҳозланади. Шунингдек, ногиронлиги бўлган йўловчилар учун махсус жойлар ҳам назарда тутилади. Режага кўра, харид қилинадиган 10 та электропоезд етти йўналиш бўйича тақсимланади. Улар Тошкент–Чирчиқ–Чиноркент, Тошкент–Янги йўл–Бекобод, Тошкент–Нурафшон–Оҳангарон–Ангрен, Тошкент–Келес, Қўқон–Наманган–Андижон–Марғилон, Самарқанд–Бухоро, Самарқанд–Қарши–Шаҳрисабз йўналишларида ҳаракатланиши режалаштирилган.
Лойиҳа доирасида мазкур йўналишларда кунига 32–40 минг нафар йўловчи ташиш имконияти яратилиши кутилмоқда. Ҳисоб-китобларга кўра, 2030 йилга бориб ушбу йўналишларда йиллик йўловчилар сони 23,5 миллион нафарга етиши мумкин. Лойиҳа ҳисоб-китобларида билет нархи масофага қараб 10 минг сўмдан 30 минг сўмгача бўлиши белгиланган. Шу билан бирга, белгиланган тарифлар поездларнинг ҳақиқий эксплуатация харажатларини тўлиқ қопламаслиги кутилмоқда. Шу сабабли тариф ва харажатлар ўртасидаги фарқни давлат томонидан қоплаш назарда тутилган.
Янги электропоездларнинг йўлга қўйилиши шаҳар атрофидаги темирйўл қатновида замонавий, тезкор ва қулай транспорт хизматларини кенгайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА