Бугун, 8 январь – Ўзбекистон Республикаси прокуратура органлари ходимлари кун.
2016 йил 19 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси прокуратура органлари ходимлари кунини белгилаш тўғрисида”ги қонунга кўра, 8 январь Ўзбекистонда прокуратура органлари ходимлари куни этиб белгиланган. Шундан бери бу сана юртимизда кенг нишонлаб келинмоқда.
Прокуратура органлари – мамлакатда қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилиш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида изчил фаолият юритмоқда.
Прокуратура органларининг бугунги фаолияти Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотларни, жумладан, янги таҳрирдаги Конституция талабларининг тўлиқ ва сўзсиз бажарилишини таъминлаш, барча соҳаларда қонунийликни мустаҳкамлашга йўналтирилган.
Прокуратура органлари томонидан аниқланган қонунбузилиши ҳолатлари юзасидан қўлланилаётган назорат ҳужжатлари туфайли минглаб фуқаронинг бузилган ҳуқуқлари тикланмоқда.
Аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, бандлигини таъминлаш, муҳтож оилаларни, ёшлар ва хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга оид қонунчилик ижросини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётир.
Тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб - қувватлаш, қулай бизнес муҳитини яратиш масаласи ҳам прокуратура органлари эътиборида.
Хусусан, тадбиркорликни жадал ривожлантириш, инвестицияларни жалб этиш, экспорт ҳажмини ошириш каби иқтисодиёт ривожидаги долзарб йўналишларда тизимли тадбирлар амалга оширилгани натижасида 2023 йил 9 ойида қарийб 12 минг нафар тадбиркорнинг бузилган ҳуқуқлари тикланган, 26 минг нафардан ортиғига муаммоларини бартараф этишда кўмаклашилган.
Прокурорлар томонидан ёқилғи-энергетика, қурилиш, куз-қиш мавсумига тайёргарлик, экология каби соҳаларда амалга оширилган ишлар ва мавжуд муаммолар ўз вақтида аниқланиб, ҳал этилмоқда.
Хусусан, куз-қиш мавсумида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларини энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш мақсадида қисқа муддатда прокуратура органлари аралашуви натижасида 300 дан зиёд жиддий муаммо бартараф этилишига эришилди.
Жумладан, табиий газ, электр энергияси, ичимлик суви ва иссиқлик тармоқлари барпо этилди. Газ тақсимлаш, трансформатор пунктлари, сув насослари ҳамда қозонхоналар янгиланди, кўп хонадонли уйлар ва уларнинг муҳандислик-коммуникация тармоқлари таъмирланди.
Кўмир маҳсулотларини жойларга барқарор етказиб беришни таъминлаш, кўмирни талон-торож қилишнинг олдини олиш борасида прокуратура органлари томонидан муайян ишлар амалга оширилди.
Ер ресурсларидан самарали ва оқилона фойдаланишни таъминлаш масалалари бўйича ҳам назорат тадбирлари ўтказилмоқда. Ўзбошимчалик билан эгаллангани аниқланган ер майдонлари захирага қайтарилиши таъминланмоқда.
Жиноятчиликка қарши курашиш ишларини ташкил қилиш, тергов сифатини ошириш, коррупция ҳолатларининг олдини олиш масалалари ҳам доимий кун тартибида. Айни пайтда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тадбирларини янада кучайтириш, вазиятнинг барқарорлигига салбий таъсир кўрсатувчи омилларни барвақт аниқлаш ва бартараф этиш, жиноятга жазо муқаррарлигини таъминлаш бўйича барча чоралар кўрилмоқда.
Аҳоли муаммоларини ҳал қилиш, мурожаатлар билан ишлаш прокуратура органларида тизимли йўлга қўйилган. Халқ билан очиқ мулоқот қилиш, фуқароларни қийнаётган муаммоларни ҳал этишга устувор аҳамият қаратилмоқда.
Норгул Абдураимова,
ЎзА