Президент ҳузуридаги Статистика агентлигининг маълум қилишича, 2024 йил июль ойи охирида Ўзбекистонда мева-сабзавот маҳсулотлари нархларининг мавсумий пасайиши фонида 0,28 фоизли дефляция қайд этилди.
Бу 2023 йил июль ойидаги кўрсаткичдан (-0,16 фоиз) бироз пастроқ. Йиллик инфляция (2023 йил июлига келиб) 10,47 фоизгача секинлашди.
Июль ойида озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ўртача 1,5 фоизга пасайган (сўнгги беш йилдаги минимал кўрсаткич, йиллик кўрсаткич — атиги 2,9 фоизга ўсган). Ноозиқ-овқат маҳсулотлари 0,7 фоизга (8,3 фоизга), пуллик хизматлар нархи 0,5 фоизга (28 фоиз) қимматлашди.
Статистика агентлиги маълумотларига кўра, тухум нархи ўртача яна 2,5 фоизга (апрелда — 11,3 фоиз, май ойида — 15,6 фоиз, июнда — 1,1 фоиз, йил давомида — 7 фоиз), сут — 0,5 фоизга (йил давомида — 5,4 фоиз), шакар — яна 0,3 фоиз (+4,3 фоиз), ун — 0,3 фоизга арзонлашган.
Гуруч 0,5 фоизга (йил давомида — 4,7 фоизга), мол ва қўй гўшти — 1,5 фоизга (5,2 фоиз ва 6,2 фоизга), кунгабоқар ёғи — 1 фоизга (-4,7 фоизга) қимматлашди.
Июль ойида мева ва сабзавотлар орасида фақат карам 4,3 фоизга, сабзи эса 2,2 фоизга қимматлашган.
Ой давомида помидор 40,7 фоизга, бақлажон 35,8 фоизга, қовун 31,3 фоизга, булғор қалампири 31,3 фоизга, бодринг 11,9 фоизга, олма 5,6 фоизга, картошка 2,6 фоизга, пиёз 1,7 фоизга арзонлашган.
Йиллик ҳисобда бодринг нархи 82,5 фоизга, помидор 71,8 фоизга, бақлажон 67,7 фоизга, тарвуз 56,6 фоизга, пиёз 25,9 фоизга арзонлашган. Йил давомида картошка нархи 3,7 фоизга, сабзи эса 2,5 фоизга ошган.
Дори-дармонларнинг нархи ўсишда давом этмоқда — ой ҳисобида 2,2 фоиз. Хусусан, томир кенгайтирувчи дорилар 2,9 фоизга қимматлашди. Йил бошидан буён антибиотиклар энг кўп қимматлашган (+22 фоиз).
Июль ойида пропан 3,8 фоизга (йил давомида +16,2 фоизга) қимматлашган, бензин 0,7 фоизга (+20,1 фоиз) арзонлашган, метан нархи эса ўзгармаган (бир йилда 36,9 фоиз).
Ой давомида шаҳарлараро поездларда саёҳат нархи 3,4 фоизга, республика бўйлаб ҳаво қатнови 0,6 фоизга, халқаро йўналишларда 0,9 фоизга қимматлашди. Маданият ва истироҳат боғлари хизматлари 7,1 фоизга қимматлади. Электрон тўлов тизимлари орқали пул ўтказмалари хизматлари ой давомида 4,6 фоизга қимматлашди.
Маълумот учун: Апрель ойининг охирида Марказий банк асосий сценарий бўйича 2024 йилда умумий инфляция прогнозини 8−9 фоиздан 9−11 фоизгача оширган эди.
Ш.Маматуропова, ЎзА