Ўзбекистонда ўртача иш ҳақи 7 миллион сўмга яқинлашди
2026 йилнинг биринчи чораги якунларига кўра, Ўзбекистонда ўртача ойлик номинал иш ҳақи 6,8 миллион сўмдан ошди. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси маълум қилди.
Қўмита маълумотларига кўра, жорий йилнинг январь–март ойларида ўртача иш ҳақи ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 17,4 фоизга ўсган. Шу билан бирга, ҳудудлар ва иқтисодий соҳалар кесимида маошлар ўртасидаги фарқ ҳамон сезиларли даражада сақланиб қолмоқда.
Сўнгги йиллар таҳлили ўртача иш ҳақининг барқарор ўсишини кўрсатади. Хусусан, 2022 йилда 3,4 миллион сўм атрофида бўлган кўрсаткич 2023 йилда 4,1 миллион, 2024 йилда 4,9 миллион, 2025 йилда эса 5,8 миллион сўмга етган. 2026 йилнинг биринчи чорагида бу рақам 6 миллион 825,9 минг сўмни ташкил этди.
Ҳудудлар бўйича таҳлил иш ҳақлари ўртасида жиддий фарқ борлигини кўрсатмоқда. Энг юқори маош Тошкент шаҳрида қайд этилган — 11 миллион 684,3 минг сўм. Бу ўтган йилга нисбатан 18,8 фоиз ўсишни англатади.
Навоий вилояти ҳам юқори кўрсаткичларга эга ҳудудлардан бири бўлиб, ўртача иш ҳақи 8 миллион 453,2 минг сўмни ташкил этган. Бу ерда саноат ва кончилик тармоқлари улуши катта.
Энг паст кўрсаткич Қашқадарё вилоятида кузатилди — 4 миллион 665,2 минг сўм. Шунингдек, Сурхондарё вилоятида ҳам маошлар нисбатан паст бўлиб, 4 миллион 724,2 минг сўмни ташкил этган. Натижада, Тошкент шаҳри ва Қашқадарё вилояти ўртасидаги фарқ 2,5 баравардан ошган.
Наманган, Жиззах ва Самарқанд вилоятларида иш ҳақи ўртача 5 миллион сўм атрофида шаклланган бўлиб, ўсиш суръатлари 16–19 фоизни ташкил этган.
Иқтисодий фаолият турлари бўйича энг юқори иш ҳақи банк ва молия соҳасида сақланиб қолмоқда — 18 миллион 595,8 минг сўм. Бу соҳада йиллик ўсиш 18,2 фоизни ташкил этган.
Ахборот ва алоқа соҳасида ҳам юқори маошлар қайд этилган — 16 миллион 525,4 минг сўм. Ташиш ва сақлаш соҳасида энг юқори ўсиш суръати кузатилиб, 22,5 фоизга етган. Ушбу тармоқда ўртача иш ҳақи 10 миллион 709,3 минг сўмни ташкил этган.
Саноат соҳасида ўртача иш ҳақи 8 миллион 25,6 минг сўм, савдода 7 миллион 213,4 минг сўм, қурилишда эса 6 миллион 496,1 минг сўмни ташкил этган.
Энг паст маошлар ижтимоий соҳаларда сақланмоқда. Хусусан, соғлиқни сақлаш тизимида ўртача иш ҳақи 4 миллион 111,6 минг сўмни ташкил этган. Таълим соҳасида бу кўрсаткич 4 миллион 615,9 минг сўм бўлиб, умумий ўрта таълим ўқитувчиларида 4 миллион 474,8 минг сўм даражасида қайд этилган.
Мутахассислар фикрича, иш ҳақининг ўсишига қарамай, ҳудудлар ва соҳалар ўртасидаги тафовутни қисқартириш долзарб вазифа бўлиб қолмоқда.
Ш.Маматуропова,
ЎзА