Ўзбекистонда олий таълимнинг янги даври: ислоҳотлар, натижалар ва истиқболлар
Мамлакатимизда олий таълим тизими сўнгги йилларда тубдан ўзгарди. Талабалар сони кескин ортиб, қабул шаффофлашди ва сифатга эътибор кучайди. Бу ислоҳотлар мамлакатнинг интеллектуал салоҳиятини янги босқичга олиб чиқмоқда.
Бугунги кунда олий таълим тизимини ривожлантириш давлатларнинг иқтисодий тараққиёти, интеллектуал салоҳияти ва халқаро рақобатбардошлигини таъминлашнинг муҳим шартларидан бирига айланмоқда. Жаҳонда кечаётган технологик ўзгаришлар, рақамли иқтисодиётнинг жадал ривожланиши ҳамда меҳнат бозорида янги касб ва мутахассисликларга эҳтиёжнинг ортиши таълим тизими олдига янгича вазифаларни қўймоқда.
Айниқса, ёшлар салоҳиятидан самарали фойдаланиш, уларни замонавий билим ва кўникмалар билан таъминлаш, илмий фаолиятни рағбатлантириш ҳамда таълим, фан ва ишлаб чиқариш ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш мамлакатлар тараққиётида устувор аҳамият касб этмоқда.
Ўзбекистонда ҳам сўнгги йилларда олий таълим соҳасини тубдан ислоҳ қилиш, унинг қамровини кенгайтириш, таълим сифатини ошириш ва халқаро стандартларга мувофиқлаштириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Мазкур ўзгаришлар олий таълимнинг жамият ҳаётидаги ўрнини мустаҳкамлаш, ёшлар учун янги имкониятлар яратиш ва мамлакатнинг узоқ муддатли ривожланиш мақсадларига эришишда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
Олий таълим қамровининг кенгайиши: имкониятлардан ижтимоий тараққиёт сари
Сўнгги йилларда Ўзбекистон олий таълим тизимида эришилган энг муҳим натижалардан бири ёшларнинг олий маълумот олиш имкониятлари сезиларли даражада кенгайганидир.

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2016 йилда мамлакат олий таълим муассасаларида 268 минг нафардан ортиқ талаба таҳсил олган бўлса, 2025/2026 ўқув йили бошида уларнинг сони 1 миллион 535 минг нафардан ошди. Шу даврда бакалавриатга қабул қилинган талабалар сони 57,7 минг нафардан қарийб 373 минг нафарга етди.
Ушбу кўрсаткичлар олий таълим тизимида амалга оширилган ислоҳотларнинг кўламини яққол намоён этади. Олий таълим қамровининг кенгайиши, аввало, мамлакатнинг турли ҳудудларида истиқомат қилувчи ёшларнинг билим олиш ва муносиб касб эгаллаш имкониятларини оширишга хизмат қилмоқда.
Айниқса, хотин-қизларнинг олий таълимдаги иштироки сезиларли даражада ортгани эътиборга молик. Хусусан, 2016 йилда олий таълимда таҳсил олаётган хотин-қизлар сони 102 минг нафардан ортиқ бўлган бўлса, 2025 йилда бу кўрсаткич қарийб 783 минг нафарни ташкил этди. Натижада уларнинг жами талабалар таркибидаги улуши 38 фоиздан 51 фоизгача кўтарилди.
Бу жараён хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини ошириш, уларнинг касбий ривожланишини қўллаб-қувватлаш ҳамда жамиятда тенг имкониятларни кенгайтириш нуқтаи назаридан ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Шу билан бирга, олий таълим қамровининг ортиши таълим сифати, профессор-ўқитувчилар салоҳияти, замонавий инфратузилма ва битирувчилар бандлигини таъминлаш масалаларига катта эътибор қаратишни тақозо этмоқда.
Таълимга муносабатнинг ўзгариши: кечаги муаммолардан янги имкониятларга
Ўзбекистон олий таълим тизимида амалга оширилган ислоҳотларнинг аҳамиятини англаш учун яқин ўтмишда мавжуд бўлган айрим тизимли муаммоларга ҳам назар ташлаш зарур.
Маълумки, аввалги йилларда талабалар ва профессор-ўқитувчиларнинг пахта йиғим-теримига оммавий жалб этилиши таълим жараёнининг узлуксизлигига салбий таъсир кўрсатган. Ўқув йилининг муайян қисмида талабаларнинг аудиториялардан узилиши уларнинг билим олиши, илмий изланиши ва касбий тайёргарлиги учун ажратилган вақтнинг қисқаришига олиб келган.

Мамлакатда мажбурий меҳнатга барҳам бериш борасида амалга оширилган ислоҳотлар натижасида ушбу амалиётдан воз кечилди. Халқаро меҳнат ташкилоти Ўзбекистон пахтачилик соҳасида тизимли болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат тугатилганини эътироф этди.
Мазкур ўзгариш таълим тизими учун ҳам муҳим аҳамият касб этди. Талаба ва ўқитувчиларнинг асосий эътиборини бевосита ўқув ва илмий жараёнларга қаратиш имконияти кенгайди.
Шу нуқтаи назардан, таълим соҳасидаги ислоҳотлар фақат янги муассасалар ташкил этиш ёки талабалар сонини ошириш билан чекланмай, инсон қадри, академик фаолият ва билим олиш ҳуқуқини таъминлаш билан ҳам узвий боғлиқдир.
Қабул тизимида шаффофлик: адолатли рақобат муҳитини шакллантириш
Олий таълим соҳасидаги муҳим янгиланишлардан яна бири олийгоҳларга қабул қилиш тартибининг такомиллаштирилиши бўлди.
Хусусан, 2018 йилдан бошлаб тест синовларини катта сиғимли биноларда видеокузатув асосида ўтказиш амалиёти жорий этилди. Синов жараёнларини жамоатчилик томонидан кузатиш, натижаларни очиқ эълон қилиш ва апелляция механизмларидан фойдаланиш имкониятлари кенгайтирилди.
Мазкур чоралар қабул жараёнида инсон омили таъсирини камайтириш, ноқонуний аралашувларнинг олдини олиш ва абитуриентлар учун адолатли рақобат муҳитини шакллантиришга қаратилган.
Шунингдек, Президентнинг фармони билан аввал тест синовларини топшириш, сўнгра тўпланган балл асосида олий таълим муассасаси ва таълим йўналишини танлаш тартиби белгиланди.
Ушбу механизм абитуриентларга ўз натижаларидан келиб чиққан ҳолда мақбул таълим йўналишини танлаш имконини беради. Шу билан бирга, қабул жараёнининг очиқлиги ва холислигини таъминлаш бўйича назорат механизмларини изчил такомиллаштириш муҳим вазифа бўлиб қолмоқда.
Таълим сифати ва профессор-ўқитувчилар салоҳияти: ислоҳотларнинг навбатдаги босқичи
Олий таълим тизимида эришилган натижаларни янада мустаҳкамлаш, аввало, таълим сифатини ошириш ва профессор-ўқитувчиларнинг касбий салоҳиятини ривожлантиришга боғлиқ.
Расмий статистикага кўра, 2016 йилда олий таълим муассасаларида 23 минг 961 нафар профессор-ўқитувчи фаолият юритган бўлса, 2025 йилга келиб уларнинг сони 54 минг 856 нафарга етган.
Бироқ талабалар сонининг жадал ўсиши педагог кадрлар тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш ва замонавий ўқитиш усулларини кенг жорий этиш заруратини ҳам кучайтирмоқда.
Бугунги меҳнат бозорида фақат назарий билимга эга бўлган эмас, балки мустақил фикрлайдиган, муаммоларни таҳлил қиладиган ва амалий ечимлар ишлаб чиқа оладиган мутахассисларга талаб ортиб бормоқда.
Шу сабабли олий таълим муассасаларида интерактив машғулотлар, амалий кейслар, лойиҳа асосида ўқитиш ва илмий изланишларга йўналтирилган таълим усулларини ривожлантириш муҳим аҳамиятга эга.
Айниқса, талабаларни мустақил тадқиқотларга жалб қилиш, профессор-ўқитувчилар билан биргаликда илмий лойиҳаларни амалга ошириш ва ёш тадқиқотчиларни рағбатлантириш университетларда инновацион муҳитни шакллантиришга хизмат қилади.
Мазкур жараёнда таълим натижаларини фақат имтиҳон баҳолари ёки берилган дипломлар сони билан эмас, балки талабаларнинг амалий билимлари, касбий тайёргарлиги ва мустақил қарор қабул қилиш қобилияти билан ҳам баҳолаш долзарбдир.
Рақамлаштириш ва сунъий интеллект: олий таълимнинг янги имкониятлари
Замонавий олий таълим тизимини рақамли технологияларсиз тасаввур этиш тобора қийинлашмоқда.
Ўзбекистонда HEMIS ахборот тизимининг жорий этилиши таълим жараёнини бошқариш, талабаларнинг ўзлаштириш кўрсаткичларини кузатиш, дарс жадваллари ва академик маълумотларни электрон шаклда юритиш имкониятларини кенгайтирди.
Рақамлаштириш университет бошқарувида шаффофликни ошириш, ортиқча бюрократик жараёнларни қисқартириш ва таълим хизматларидан фойдаланишни енгиллаштиришга хизмат қилиши мумкин.
Шу билан бирга, сунъий интеллект технологияларининг ривожланиши таълим соҳасида янги имкониятларни очмоқда. Хусусан, индивидуал таълим дастурларини ишлаб чиқиш, мураккаб мавзуларни тушунтириш, илмий маълумотларни таҳлил қилиш ва ўқув жараёнини такомиллаштиришда ушбу технологиялардан самарали фойдаланиш имконияти мавжуд.
Бироқ сунъий интеллектдан фойдаланиш талабаларнинг мустақил фикрлаши ва академик ҳалоллик тамойилларига зид келмаслиги лозим.
Шу нуқтаи назардан, университетларда рақамли саводхонликни ошириш, сунъий интеллектдан фойдаланиш бўйича аниқ академик қоидаларни шакллантириш ҳамда ўзбек тилида сифатли электрон таълим ресурсларини ривожлантириш устувор вазифалардан ҳисобланади.
Миллий тараққиёт устуворликлари ва олий таълимнинг стратегик вазифалари
Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган етти миллий дастур йўналиши олий таълим тизими олдига ҳам янги вазифалар қўймоқда.
Билим ва малакани ривожлантириш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, юқори технологияли иқтисодиётни шакллантириш, сув ресурслари ва табиатни асраш, қонун устуворлигини таъминлаш, маҳаллалар тараққиётини қўллаб-қувватлаш ҳамда тинчлик ва бағрикенгликни мустаҳкамлаш каби устувор йўналишлар университетларнинг илмий ва таълим фаолияти билан бевосита боғлиқдир.
Хусусан, сув танқислиги ва экологик муаммолар бўйича илмий тадқиқотларни кучайтириш, энергия тежамкор технологияларни ишлаб чиқиш, аҳоли саломатлиги соҳасида инновацион ечимларни жорий этиш ва ҳуқуқий маданиятни юксалтиришда олий таълим муассасаларининг имкониятлари кенг.
Шунингдек, университетлар ва маҳаллалар ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш орқали ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий муаммоларга илмий асосланган ечимлар таклиф этиш мумкин.
Мазкур йўналишларда фаолият юритиш олий таълим муассасаларининг жамиятдаги ролини янада ошириш, илмий тадқиқотларнинг амалий аҳамиятини кучайтириш ва ёшларни мамлакат тараққиётига дахлдор жараёнларга кенг жалб этиш имконини беради.
Янги босқич истиқболлари: таълим қамровидан сифатли натижалар сари
Ўзбекистонда олий таълим тизимини ривожлантириш бўйича амалга оширилган ислоҳотлар мамлакатнинг интеллектуал салоҳиятини мустаҳкамлаш ва ёшлар учун янги имкониятлар яратишда муҳим натижалар бермоқда.
Олий таълим қамровининг кенгайиши, қабул жараёнларининг такомиллаштирилиши, замонавий инфратузилманинг ривожланиши, академик мустақилликнинг кучайтирилиши ва рақамли технологияларнинг жорий этилиши соҳадаги тизимли ўзгаришларнинг асосий йўналишларидир.
Эндиликда мазкур натижаларни янада мустаҳкамлаш учун таълим сифатини ошириш, профессор-ўқитувчилар салоҳиятини ривожлантириш, илмий тадқиқотлар самарадорлигини кучайтириш ва битирувчиларнинг касбий рақобатбардошлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратиш зарур.
Айниқса, халқаро академик ҳамкорликни кенгайтириш, етакчи хорижий университетлар билан қўшма дастурларни ривожлантириш, илмий ишланмаларни тижоратлаштириш ва университетларни минтақавий инновация марказларига айлантириш келгуси тараққиётнинг муҳим йўналишлари бўлиши мумкин.
Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон олий таълими ўз ривожланишининг янги босқичига қадам қўймоқда. Бу босқичда асосий вазифа таълим олиш имкониятларининг кенгайишини юқори сифатли билим, замонавий касбий кўникмалар ва аниқ ижтимоий-иқтисодий натижалар билан уйғунлаштиришдан иборат.
Зеро, олий таълим тизимининг ҳақиқий муваффақияти нафақат университетлар ва талабалар сонининг ортишида, балки мамлакат тараққиётига муносиб ҳисса қўша оладиган билимли, ташаббускор ва рақобатбардош мутахассислар авлодини тарбиялашда намоён бўлади.
Фаррух Ташев,
Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети
“Халқаро ҳуқуқ ва оммавий хуқуқий фанлар” кафедраси катта ўқитувчиси
Комрондек Алишеров,
Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети
Халқаро ҳуқуқ факультети 4-босқич талабаси
ЎзА