Ўзбекистонда ўғил болалар кўпроқ туғилмоқдами ёки қиз болалар?
Мамлакатимизда аҳоли сонининг барқарор ўсиши ва демографик динамиканинг ижобий кўрсаткичлари сақланиб қолмоқда.
Миллий статистика қўмитасининг сўнгги маълумотларига кўра, 2026 йилнинг январь-июнь ойлари давомида Ўзбекистонда 373 389 та тирик туғилиш ҳолати қайд этилди.
Статистик таҳлиллар янги туғилган чақалоқлар орасида ўғил болалар улуши юқорироқ эканини кўрсатмоқда. Хусусан, ҳисобот даврида 192,9 минг нафар ўғил бола (51,7 фоиз) ва 180,5 минг нафар қиз бола (48,3 фоиз) дунёга келган. Ҳудудлар кесимида оладиган бўлсак, туғилишларнинг асосий қисми, яъни 51,0 фоизи қишлоқ жойларига, 49,0 фоизи эса шаҳар ҳудудларига тўғри келади.
Бундан ташқари, жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида мамлакат бўйича туғилиш коэффициенти ҳар 1 000 нафар аҳолига нисбатан 19,6 тани ташкил этди. Бу кўрсаткич Ўзбекистоннинг минтақадаги демографик жиҳатдан энг фаол ва ёш аҳоли салмоғи юқори давлатлардан бири бўлиб қолаётганини яна бир бор тасдиқлайди.
Ҳамроз Баёнов, ЎзА