Ўзбекистонда муомаладаги пуллар ҳажми 434,5 трлн. сўмга етди
Пул массаси 434,5 трлн. сўмга етди. Муомаладаги нақд пуллар ҳажми ҳам янги рекордни қайд этди
Ўзбекистон иқтисодиётида пул массаси ҳажми изчил ўсиб бормоқда. Марказий банк маълумотларига кўра, 2026 йил 1 август ҳолатида мамлакатдаги пул массаси 434,5 трлн. сўмга етган. Бу иқтисодий тарихимиздаги энг юқори кўрсаткич ҳисобланади.
Пул массаси деганда иқтисодиётдаги банкларда сақланаётган депозитлар ҳамда муомаладаги нақд пулларнинг жами ҳажми тушунилади. Йиллик ҳисобда мазкур кўрсаткич қарийб 118,8 трлн сўмга ёки 37 фоизга ошган.
Пул массасининг кўпайиши, аввало, иқтисодиётда молиявий ресурслар ҳажми ортиб бораётганини кўрсатади. Банк депозитларининг ўсиши аҳоли ва корхоналарнинг банк тизимидаги маблағлари кўпайганини англатса, муомаладаги нақд пуллар ҳажмининг ошиши иқтисодий фаоллик ва нақд ҳисоб-китобларга бўлган талаб билан боғлиқ бўлиши мумкин.
Айни пайтда миллий валютадаги пул массаси умумий кўрсаткичнинг 83 фоиздан ортиқ қисмини ташкил этмоқда. Бу иқтисодиётда сўмнинг асосий пул воситаси сифатидаги ўрни сақланиб қолаётганини кўрсатади.
Пул массасидаги ўсиш сўнгги йилларда айниқса сезиларли бўлди. 2026 йил июнь ойида депозитлар ва муомаладаги нақд пулларнинг умумий қиймати биринчи марта 400 трлн. сўмдан ошиб, 411,4 трлн. сўмни ташкил этган эди. 2025 йил июнида эса бу кўрсаткич 300 трлн. сўм атрофида бўлган. Шу тариқа, сўнгги уч йил ичида мамлакат иқтисодиётидаги пул массаси икки баравардан кўпроқ ошди.
Бугунги кўрсаткични тарихий нуқтаи назардан баҳоласак, ўсиш кўлами янада яққол намоён бўлади. Марказий банк пул массаси бўйича дастлабки маълумотни 2013 йил 1 февралда эълон қилган бўлиб, ўша вақтда мазкур кўрсаткич 24,4 трлн. сўм эди. 2024 йил бошига келиб эса пул массаси 242,2 трлн. сўмга етди. Демак, 11 йил давомида қарийб 10 баравар ўсиш кузатилган.
Пул массаси таркибидаги нақд пуллар ҳажми ҳам ўсишда давом этмоқда. 2026 йил август ойи бошида муомаладаги нақд пуллар миқдори 76,3 трлн сўмга етди. Бу ҳам янги рекорд кўрсаткичдир. Бир йил аввалги давр билан таққослаганда, муомаладаги нақд пуллар ҳажми 16,4 трлн. сўмга кўпайган.
Умуман, пул массасининг кенгайиши Ўзбекистон иқтисодиётидаги молиявий жараёнларнинг муҳим кўрсаткичларидан бири ҳисобланади. Бироқ пул ҳажмининг ўсиши иқтисодий фаоллик билан бир қаторда инфляция жараёнларига ҳам таъсир қилиши мумкин. Шу боис пул массаси динамикаси Марказий банкнинг пул-кредит сиёсатида муҳим индикаторлардан бири сифатида қаралади.
Рақамлардан кўриш мумкин, Ўзбекистон иқтисодиётида пул айланмаси сўнгги йилларда сезиларли даражада кенгайиб, миллий валютадаги маблағлар ҳажми тарихий юқори чўққиларни забт этмоқда.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА