Каноп ўсимлиги қимматбаҳо толали экин ҳисобланиб, Ўзбекистонда аввалдан етиштириб келинган. Ундан асосан кимё саноати, фармокология ва косметологияда кенг фойдаланилади. Каноп ўсимлигидан техник мой олинади. Толалари мустаҳкам, юмшоқ, гигроскопик бўлиб, брезент, қоп-қанор, гилам, ип, мебель ва шунга ўхшаш бошқа буюмлар тайёрлаш учун ишлатилади.
Уруғида 20 % мой сақлайди ва бу тери ошлаш, совунпишириш ва лак бўёқ саноати учун муҳим хомашё ҳисобланади. Кунжараси ўғит бўлиши билан бирга, чорва моллари учун озуқа ҳамдир. Поя қолдиқлари қоғоз ва қурилиш саноатида кенг ишлатилади.
Ўзбекистонда каноп асосан суғориладиган ерларда экилади. Ҳозирда мамлакатимизда каноп экиладиган майдонлар анча қисқарган.
Ушбу ўсимликни республикамизда кўпайтириш мақсадида Корея билан ҳамкорликда каноп етиштириш лойиҳаси бошланди. Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази ҳамда Корея Республикасининг “SJ Global” компанияси билан ҳамкорликда Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманида каноп уруғлари экилиб, синов ишларига старт берилди.
- Юқори Чирчиқ туманидаги 11 гектар майдонда, ундан ташқари Сирдарё ва Хоразм вилоятида жами 25 гектарда бу йил тажриба-синов ишлари амалга оширилади, - дейди Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази директори Шуҳрат Отажонов. - Лойиҳадан кўзланган мақсад ундан толали, ҳам мойли экин сифатида фойдаланиш, дизел ёқилғиси, биоёнилғи олиш, ортган маҳсулотлардан қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга йўналтириш ва тажриба мувафаққиятли ўтганидан сўнг бизнинг илмий муассасамиз томонидан канопнинг уруғчилигини йўлга қўйиш.
Келгусида республикамиз бўйича синовлар яхши ўтса, буни кенгайтириш бўйича қўшимча лойиҳалар амалга оширилади.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/aitxgRDazLk" title="O‘zbekistonda kanopdan bioyoqilg‘i ishlab chiqariladi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Санжар Тошпўлатов, Улуғбек Тўхтаев (видео), ЎзА