Ушбу дастур БАА Ҳукумати Акселератори томонидан Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази ҳамда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги билан ҳамкорликда амалга оширилади.
Шу муносабат билан БАА ва Ўзбекистон ҳукуматлари томонидан ҳамкорликда қилинадиган ишлар «йўл харитаси» доирасида тадбир ташкил этилди.
Уч кун давом этадиган семинарни ўтказишдан мақсад, давлатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, энг яхши тажрибаларни баҳам кўриш ва Ўзбекистонда ижтимоий ҳимояни ривожлантириш бўйича трансформацион лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишдан иборат.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори Обид Ҳакимов ушбу акселератор Ўзбекистон учун Тараққиёт стратегиясини яратишда «эпимарказ»га айланганини таъкидлади. Бу, 2022-2026 шунингдек, 2024-2030 йилларга мўлжалланганТараққиёт стратегиясидир.
– Бугун биз ушбу акселераторни ривожлантиришнинг янги босқичига қадам қўймоқдамиз ва бу Ўзбекистонда ижтимоий соҳани ривожлантиришга туртки бўлади. Биз узоқ вақтдан бери барча ижтимоий хизматларни бир жойда бирлаштириш устида ишлаяпмиз. Ҳамкасбларимиз билан биргаликда ушбу семинарда ижтимоий хизматлар ва умуман Ўзбекистон фуқаролари ҳаётини қандай яхшилашимиз мумкинлигини муҳокама қиламиз, – деди О.Ҳакимов.
Тадбирда БАА Ҳукумати Аccелератор директори доктор Радиа Ал Хашими стандарт иқтисодий лойиҳаларни ўзгартириш тажрибаси билан ўртоқлашди.
– Бугун мен кейинги қадамни қандай қўйиш ҳақида гаплашмоқчиман. БААда биз трансформация лойиҳаларига янги йўналишни бошладик. Бугун ушбу тажрибамизни сизлар билан алмашмоқчимиз – БААдаги инновациялар марказимиз бу билан шуғулланади. Олинган билим ва тажрибадан кундалик фаолиятингизда қандай фойдаланишни кўриш қизиқ бўлади, – деди Радиа Ал Хашими.
Акселератор гуруҳлари уч кунлик дастур доирасида аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш соҳасидаги ислоҳотларнинг амалга оширилишини баҳолаш ва мониторинг қилиш каби соҳалардаги муаммоларни ҳал этиш масалаларини муҳокама қилади. Бу эса мазкур соҳада ўзгаришлар жараёнини бошлаш учун туртки бўлади.
Семинар иштирокчилари аҳоли турмуш сифатини яхшилаш учун ижтимоий соҳада трансформацион ташаббусларни амалга ошириш бўйича илғор тажриба ва ёндашувларни муҳокама қилди.
Акцелерация дастури якунлари бўйича аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш соҳасида инновациялар ва барқарор ривожланишни кенгайтириш бўйича иш режаси ишлаб чиқилади.
М.Қосимова, ЎзА