Fitch Ratings халқаро рейтинг агентлиги Ўзбекистон Республикасининг хорижий валютадаги узоқ муддатли дефолт рейтингини (IDR) “BB-” дан бир поғона юқорига “BB” даражасига кўтарди. Рейтинг прогнози “Барқарор” деб белгиланди.
Fitch агентлигининг расмий баёнотида таъкидланишича, рейтинг ошиши Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар ва ўрта муддатли иқтисодий ўсишнинг ижобий истиқболлари билан боғлиқ. Бу ҳолат макроиқтисодий барқарорликни таъминлаб, мамлакатнинг тузилмавий кўрсаткичларини яхшилашга хизмат қилмоқда.
Асосий ислоҳотлар қаторида: тарифларни либераллаштириш, субсидияларни оптималлаштириш, давлат муассасалари мустақиллигини кучайтириш ва хусусийлаштиришни рағбатлантириш қайд этилган.
Агентлик маълумотларига кўра, Ўзбекистоннинг реал ЯИМ 2025 ва 2026 йилларда 6,3 фоизга ўсиши кутилмоқда. Бу “BB” (3,8 фоиз) рейтингига эга мамлакатлар учун ўртача кўрсаткичдан сезиларли даражада юқори.

Фискал барқарорлик ва субсидияларни қисқартириш Молиявий интизом рейтингнинг ошишига хизмат қилган муҳим омиллардан бири бўлди. 2024 йилда консолидациялашган бюджет тақчиллиги ЯИМнинг 3 фоиздан бироз кўпроғини ташкил этди, бу эса белгиланган 4 фоиз мақсадли даражадан паст.
Қайд этилишича, бу солиқ тушумларининг сезиларли даражада ошиши ва энергетика соҳасидаги субсидия харажатларини икки баравар қисқартириб, ЯИМнинг 1 фоиздан камроққа тушириш ҳисобига амалга оширилди.
Давлат корхоналари секторини ислоҳ қилиш жараёнлари ҳам жадаллашди – давлат корхоналари сони қисқартирилди, 18 та корхонадаги давлат улуши 2024 йил август ойида ташкил этилган Миллий инвестиция жамғармасига ўтказилди. Шунингдек, йирик корхоналарни бошқариш сифатини ошириш ва улар фаолиятида шаффофликни таъминлаш мақсадида реорганизация ишлари амалга оширилди.
Fitch томонидан 2025-2026 йилларда бюджет тақчиллиги 3 фоиздан ошмаслиги ҳамда бюджет даромадларининг ошиши қўшимча фискал буфер яратиши қайд этилган.
Fitch томонидан давлат қарзи (давлат кафолатлари инобатга олинмаган) ҳажми 2025-2026 йилларда ялпи ички маҳсулотга (ЯИМ) нисбатан 32 фоиз атрофида сақланиши прогноз қилинган, бу “BB” рейтингли мамлакатлар ўртачаси бўлган 54 фоиздан анча паст.
Бундан ташқари, Давлат қарзининг 89 фоизи хорижий валютада бўлиб, ташқи қарзнинг ўртача муддати 9 йилдан ошади.
2025 йил 1 июнь ҳолатига кўра, Ўзбекистоннинг халқаро захиралари ҳажми олтин нархининг ошиши туфайли 2024 йил якунидаги 41 млрд. доллардан 2025 йил 1 июнь ҳолатига 49,7 млрд. долларгача ошгани ва 2025-2026 йилларда жорий операциялар ҳисоби тўловини қоплаш даражаси 10 ойдан юқори бўлиши кутилаётгани айтилган.
Қайд этилишича, захираларнинг ўсиши асосан олтин нархининг ошиши билан боғлиқ бўлиб, бу мамлакат валюта захираларининг қарийб 77 фоизини ташкил қилади.
Иқтисодиётнинг диверсификацияси ва долларлашувнинг камайиши экспорт таркибида хизматлар соҳасининг улуши 2021 йилдаги 14 фоиздан 2024 йилдаги 25 фоизгача сезиларли даражада ошиб бормоқда. Fitch томонидан депозитларнинг долларизация даражаси 2020 йил бошидаги 40 фоиздан 2025 йил март ойида 24,5 фоизга пасайгани қайд этилган.
Мамлакатда инфляция пасайишда давом этмоқда. 2025 йил май ойида инфляция йиллик ҳисобда 9 фоиздан кам бўлди (2025 йил март ойида – 10 фоиз). Бу асосан хизматлар соҳасида нархлар пасайиши ҳисобига юз берди.
Fitch прогнозига кўра, 2026 йилда инфляция ўртача 7 фоиз атрофида бўлади. Бироқ бу кўрсаткич Марказий банкнинг мақсадли 5 фоиз даражасидан ҳали ҳам юқори ҳисобланади.
Fitch маълумотларига кўра, Ўзбекистон банки сектори барқарор ва ўртача рентабелликка эга. 2024 йил охирида банклар рентабеллиги (ROE) 7 фоиз, капитал етарлилиги эса 17 фоизни ташкил этди.
Тобора кучайиб бораётган банк ислоҳотлари, долларлашувнинг камайиши ва имтиёзли кредитлаш улуши пасайиши, Fitch таъкидлаганидек, марказий банкнинг фоиз ставкалари ва кредитлаш орқали иқтисодиётга таъсирини кучайтиради.
Fitch суверен рейтинги ошиши – Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлиги, давлат бошқаруви сифатининг яхшиланиши ва мамлакат иқтисодиётининг барқарорлиги халқаро даражада эътироф этилаётганини англатади.
Моҳигул Қосимова тайёрлади, ЎзА