Бугун Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигида “Ўзбекистон давлат компанияларида инвестиция лойиҳаларини бошқаришни замонавийлаштириш” мавзусида семинар бўлиб ўтди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда “UzAssets” АЖ ҳамкорлигида ўтказилган ушбу тадбирда маҳаллий ва хорижий мутахассислар, амалиётчилар иштирок этди.
Унда “UzAssets” АЖ бошқаруви раиси Бобур Абдиназаров, Жаҳон банки эксперти Дмитрий Ларионов ва бошқалар сўзга чиқиб, давлат компанияларида инвестиция лойиҳаларини бошқариш, шунингдек, халқаро тажриба ва амалий тавсиялар ҳақида сўз юритди.
Қайд этилганидек, давлат компаниялари учун инвестиция дастурларини татбиқ этиш самарадорлигини ошириш ва давлат компанияларида замонавий бошқарув стандартларини жорий этиш вазифалар белгиланган. Ташкил этилган тадбирда бу борада халқаро тажриба ва амалий ишларга эътибор қаратилди. Бунда лойиҳавий ёндашувни жорий этиш ва жараёнларни рақамлаштириш муҳим ҳисобланади.
Тадбирда Жаҳон банки, Халқаро молия корпорацияси (IFC) ва халқаро консалтинг компаниялари вакиллари давлат компанияларида инвестицияларни бошқаришни такомиллаштириш бўйича ўз тавсиялари ва тажрибалари билан ўртоқлашди.
[gallery-22892]
Халқаро молия корпорацияси эксперти Беҳзод Ортиқовнинг таъкидлашича, Ўзбекистонда лойиҳаларни амалга ошириш имконияти мавжуд, аммо уларнинг бозордаги мақсадга мувофиқлиги, самарадорлиги ва рақобатбардошлиги юзасидан баҳолаш талаб этилади.
–Лойиҳалар инвесторлар учун қанчалик қизиқарли? Шу нуқтаи назардан, лойиҳаларни ким амалга ошириши белгилаб олиниши керак. Агар инвестор янги бўлса, у бозорни ҳали ўрганмаган бўлади, шундай экан, дастлабки концепция маҳаллий мутахассислар томонидан ишлаб чиқилиши мақсадга мувофиқ. Агар уларда тегишли салоҳият мавжуд бўлса, улар бозор таҳлили асосида лойиҳаларни саралаб, қайси бири стратегик аҳамиятга эга эканини аниқлаб беришлари мумкин. Бу инвестор учун қандай йўналишларда сармоя киритиш имкони борлигини кўрсатади. Агар инвестор бошқа стратегик мақсадларга эга бўлса, у аввалги режаларни нотўғри деб топиши ва бошқа йўл туташи мумкин. Шунинг учун, тўлиқ техник-иқтисодий асосни тайёрлаш лозим. Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистонда стратегик соҳалардаги инвестициявий лойиҳаларни режалаштиришда бозор эҳтиёжини инобатга олган ҳолда, аниқ концепция ва устувор йўналишларни белгилаш зарур. Бу нафақат инвестор учун йўналиш яратади, балки лойиҳа самарадорлигини ҳам таъминлайди, – деди Б.Ортиқов.
“TENET” компанияси директори ўринбосари Владислав Митиннинг сўзига кўра, ҳозирги кунда Ўзбекистонда халқаро молия институтлари ва банклар иштирокида кўплаб инвестициявий лойиҳалар амалга оширилмоқда.
–Лойиҳаларнинг муваффақиятли бўлиши компаниялар, айниқса, давлат корхоналарининг инвестициявий етуклик даражасига бевосита боғлиқ. Мамлакатда амалдаги қонун ва қонуности ҳужжатлар инвестиция жараёнларини бошқаришда замонавий асос ҳисобланади. Бироқ бунинг ўзи етарли эмас. Шу боис, ички инвестициявий жараёнларни такомиллаштириш ва уларни стратегик даражага олиб чиқиш зарур. Бундай ислоҳотлар молиялаштириш харажатларини камайтириш, халқаро ташкилотлар билан тўғридан-тўғри ҳамкорлик қилиш, грантлар улушини ошириш, узоқ муддатли ва паст фоизли кредитлар жалб этишга имкон яратади. Таҳлилларга кўра, самарали бошқарув орқали ҳар 100 миллион доллар инвестицияда 20 миллион долларгача тежамкорликка эришиш мумкин. Энг муҳими, компаниялар алоҳида лойиҳаларни эмас, балки бутун инвестиция портфелини бошқаришни ўрганиши, хавф-хатарлар ва бозор таъсирини баҳолай олиши керак. Бу Ўзбекистоннинг инвестициявий муҳитини янада жозибадор ва рақобатбардош қилишда муҳим омилдир, – деди В. Митин.
Тадбир якунида муҳокама сессияси ўтказилди. Унда иштирокчилар фикр алмашиб, самарадорлик ва барқарор ривожланишга қаратилган янги бошқарув ёндашувларини жорий этиш бўйича келажакдаги ҳамкорлик йўналишларини белгилаб олдилар.
Насиба Зиёдуллаева, Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА