Ўзбекистонда илк макроиқтисодий танлов — “CBU Challenge” ўтказилди
Мамлакатимизда илк бор “CBU Challenge” интеллектуал танлови ўтказилди.
Ушбу тадбир макроиқтисодий таҳлил, прогнозлаш ва пул-кредит сиёсати соҳасида ёшларнинг билим ва салоҳиятини оширишга қаратилган. Шунингдек, уларни амалиётда қарор қабул қилиш кўникмалари билан таъминловчи муҳим майдон сифатида эътироф этилди.
Қолаверса, мазкур ташаббус макроиқтисодий таҳлил, прогнозлаш ва пул-кредит сиёсати соҳасида ёшлар салоҳиятини ривожлантиришга қаратилган янги амалий майдон сифатида аҳамият касб этди. Танлов ёш иқтисодчиларни реал иқтисодий жараёнларни таҳлил қилиш, стратегик қарорлар ишлаб чиқиш ва ўз ғояларини ҳимоя қилишга ундади.
[gallery-28363]
“CBU Challenge” танлови ёшлар ўртасида иқтисодий тафаккурни ривожлантириш, илмий-таҳлилий салоҳиятни ошириш ҳамда макроиқтисодий жараёнларни амалий таҳлил қилиш кўникмаларини шакллантиришга қаратилди. Шунингдек, мазкур ташаббус орқали талабалар ва ёш мутахассисларни иқтисодиёт соҳасидаги долзарб масалаларга кенг жалб этиш, уларнинг аналитик фикрлаш ва прогнозлаш қобилиятини ривожлантириш мақсад қилинди.
Бундай интеллектуал танловлар ёшларнинг назарий билимларини амалиёт билан уйғунлаштириш, келажакда иқтисодиёт соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлашда муҳим аҳамият касб этади.
Танловда республика бўйлаб 33 та олий таълим муассасасидан 141 та жамоа иштирок этиш истагини билдирди. Шундан 132 та жамоа саралаш босқичида қатнашиб, реал иқтисодий кўрсаткичлар асосида таҳлиллар ўтказди, прогнозлар ишлаб чиқди ҳамда ўз таклифларини тақдим этди.
Кучли рақобат натижасида энг юқори кўрсаткичларни қайд этган 10 та жамоа финал босқичига йўлланма олди. Бу эса мамлакатимизда ёшлар ўртасида макроиқтисодий таҳлил ва иқтисодий тадқиқотларга қизиқиш ортиб бораётганидан далолат беради.
Танлов жараёнида иштирокчилар учун Марказий банк экспертлари томонидан пул-кредит сиёсати таҳлилига бағишланган қатор ўқув семинарлари ташкил этилди. Ушбу машғулотлар иштирокчиларнинг назарий билимларини амалий таҳлил кўникмалари билан бойитишга хизмат қилди.
Шунингдек, 2026 йил 25 март куни АҚШнинг Бостон Федерал Резерв тизими қошидаги Fed College Challenge минтақавий қўмитаси аъзоси, халқаро эксперт профессор Элизабет Куртис иштирокида онлайн семинар ўтказилди. Унда макроиқтисодий таҳлилнинг халқаро тажрибаси, замонавий ёндашувлар ва иқтисодий прогнозлаш усуллари муҳокама қилинди.
Эксперт ўз чиқишида мазкур танлов ёш иқтисодчилар учун мустаҳкам профессионал пойдевор бўлиб хизмат қилишини таъкидлаб, ўзбекистонлик ёшларнинг билим ва салоҳияти халқаро миқёсда ҳам юқори баҳоланаётганини қайд этди.
2026 йил 26 март куни бўлиб ўтган финал босқичида жамоалар ўз таҳлилий ишлари ва стратегик ёндашувларини экспертлар ҳайъати олдида ҳимоя қилди. Иштирокчилар реал иқтисодий вазиятларга асосланган ечимлар таклиф этиб, ўз билим ва кўникмаларини намоён этди.
Танлов натижалари мазкур ташаббусни нафақат билимлар синови, балки ёшларнинг аналитик фикрлаши, креатив ёндашуви ва жамоавий ишлаш кўникмаларини ривожлантирувчи муҳим платформа сифатида эътироф этиш имконини берди. Шу билан бирга, мазкур танлов ёшларни иқтисодиёт соҳасида илмий изланишларга жалб қилиш, уларнинг инновацион ғояларини қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.
Танлов якунлари бўйича илғор жамоалар ва иштирокчиларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг таклиф ва ишланмаларини амалиётга жорий этиш ҳамда келгусида ушбу ташаббусни янада кенгайтириш режалаштирилмоқда.
Шаҳноза Маматуропова,
Ўктам Ҳайитов (сурат),
ЎзА