Ўзбекистонда илк бор қишлоқ ва сув хўжалиги соҳаси учун ёш иқтидорларни аниқлашга қаратилган миллий танлов ташкил этилмоқда
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлиги, Қишлоқ хўжалиги ҳамда Сув хўжалиги вазирликлари, шунингдек, БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO) ҳамда Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш халқаро жамғармаси (IFAD) ҳамкорлигида мамлакатимизда илк бор қишлоқ ва сув хўжалиги соҳаси учун ёш иқтидорларни аниқлашга қаратилган “FAO Young Talents” миллий танловига старт берилмоқда.
Мазкур лойиҳанинг асосий мақсади соҳа учун халқаро даражадаги малакали кадрлар захирасини шакллантириш, юқори салоҳиятли ёш мутахассисларни аниқлаш ҳамда уларни нуфузли халқаро ташкилотларда фаолият юритишлари учун мақсадли тайёрлашдан иборат.
Танлов доирасида озиқ-овқат хавфсизлиги, сув ресурсларини бошқариш ва сув дипломатияси, рақамли қишлоқ хўжалиги, иқлим ўзгаришига мослашув ҳамда аграр соҳани молиялаштириш каби стратегик йўналишлар қамраб олинади.
Танловда иштирок этиш учун олий маълумотга ҳамда давлат хизмати ёки хусусий секторда камида 3 йиллик иш тажрибасига эга бўлган, 21 ёшдан 30 ёшгача бўлган Ўзбекистон фуқаролари my.bsa.uz портали орқали ариза топширишлари мумкин.
Номзодларни саралаш жараёни бир неча босқичдан иборат бўлиб, у ҳужжатларни электрон текшириш, интеллект (IQ) ва мутахассислик билимлари бўйича тест синовлари, номзодларнинг бошқарув қобилияти ва лидерлик салоҳиятини аниқловчи Ассессмент маркази ҳамда якуний комиссия суҳбатини ўз ичига олади.
Таъкидлаш жоизки, тест синовларидан 71 фоиз ва ундан юқори натижа кўрсатган номзодларгина кейинги босқичларга йўлланма олади.
Саралаш якунларига кўра энг муносиб деб топилган 50 нафар ғолиб Дипломатия академиясида икки ҳафталик махсус тайёргарлик курсида таҳсил олади. Шундан сўнг, дастурнинг энг муҳим босқичи сифатида ғолиблар 2026 йил давомида FAO ва IFAD тизимидаги хорижий минтақавий офисларида босқичма-босқич стажировка ўташ имкониятига эга бўлади.
Бу саъй-ҳаракатлар Ўзбекистоннинг аграр соҳадаги истиқболли кадрларини халқаро стандартлар асосида тайёрлаш ва соҳани модернизация қилиш йўлидаги муҳим қадам бўлиб хизмат қилади.
Ҳамроз Баёнов,
ЎзА