Ўзбекистонда илк бор колоректал саратонни эрта аниқлаш бўйича миллий дастур бошланди
Мамлакатимизда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, онкологик касалликларнинг олдини олиш, уларни эрта босқичларда аниқлаш ва замонавий тиббий технологияларни ҳудудларда кенг жорий этиш борасида изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Ана шу эзгу мақсад йўлида Ўзбекистонда илк бор колоректал саратонни эрта аниқлашга бағишланган кенг кўламли Миллий дастур ҳаётга татбиқ этила бошланди. Мазкур муҳим ташаббус Ўзбекистон Онкологлар ассоциацияси, Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда халқаро “Gustave Roussy International” Ўзбекистон тиббиёт маркази ҳамкорлигида ташкил этилди.
Айни кунларда ушбу миллий дастур доирасида АҚШнинг “Dana-Farber Cancer Institute”, “Brigham and Women’s Hospital” каби нуфузли муассасалари ва Буюк Британиянинг етакчи мутахассисларидан иборат халқаро экспертлар гуруҳи юртимизга ташриф буюрди.
Анна Лю, Пранай Синха, Дэвис Харнетт, Нилуфар Қаҳорова, Якоб Доктерман ва Селвин Маррокин каби таниқли хорижий мутахассислар иштирокидаги илк манзил – Андижон вилояти бўлди. Ҳудудий онкология филиалларида тиббий-амалий ёрдам кўрсатиш сифатини ошириш, юқори технологияли ва далилларга асосланган онкологик хизматни ривожлантириш ҳамда соҳа мутахассислари ўртасидаги касбий ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида Марказ шифокорлари ва халқаро экспертлардан иборат гуруҳ Андижонда ўз фаолиятини бошлади.

Андижонда ўтказилаётган халқаро таълим дастури доирасида колоноскопия бўйича махсус амалий маҳорат дарслари (мастер-класслар), илмий семинарлар ва мураккаб клиник ҳолатлар муҳокамаси ташкил этилмоқда. Колоректал саратонни эрта аниқлаш самарадорлигини ошириш, замонавий колоноскопия техникаларини амалиётда жорий этиш ва мутахассисларнинг касбий кўникмаларини такомиллаштириш дастурнинг асосий мақсади ҳисобланади. Маҳорат дарслари давомида замонавий колоноскопия техникаси, йўғон ичакни сифатли ва тўлиқ кўздан кечириш, полиплар ва эрта неопластик ўзгаришларни аниқлаш, шубҳали ҳосилаларни баҳолаш ҳамда эндоскопик текширув сифатини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, мазкур миллий дастур орқали иштирокчилар замонавий халқаро ёндашувлар билан танишиш, хорижий экспертлар билан бевосита тажриба алмашиш ҳамда кундалик клиник амалиёт учун зарур янги билим ва кўникмаларни эгаллаш имкониятига эга бўлмоқда.
Моҳигул Қосимова,
ЎзА