Ўзбекистонда ҳар бешинчи саноат корхонаси озиқ-овқат соҳасида фаолият юритмоқда
Ўзбекистон иқтисодиётида саноат тармоғи ялпи ички маҳсулот ўсишининг асосий драйверларидан бири бўлиб қолмоқда. Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йил 1 июнь ҳолатига республикада 62 мингта саноат корхонаси фаолият юритмоқда.
Бу мамлакатда ишлаб чиқариш қувватлари кенгайиб, хусусий секторнинг саноатдаги иштироки тобора ортиб бораётганини кўрсатади.Таҳлилларга кўра, саноат корхоналарининг энг катта қисми озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш соҳасига тўғри келади. Ушбу йўналишда 12,4 мингта ёки жами корхоналарнинг 20 фоизи фаолият юритмоқда. Бу мамлакат аҳолиси сонининг ўсиши, ички бозорда озиқ-овқат маҳсулотларига талабнинг юқорилиги ҳамда экспорт салоҳиятининг ортиши билан изоҳланади.
Иккинчи ўринни бошқа нометалл минерал маҳсулотлар ишлаб чиқариш тармоғи эгаллаган бўлиб, бу йўналишда 8,7 мингта (14 фоиз) корхона фаолият кўрсатмоқда. Ушбу кўрсаткич қурилиш соҳасидаги юқори суръатлар, янги уй-жойлар, ижтимоий объектлар ва инфратузилма лойиҳаларига бўлган эҳтиёж билан бевосита боғлиқ.
Шунингдек, мамлакатда енгил саноат ҳам муҳим ўрин тутмоқда. Хусусан, кийим ишлаб чиқариш соҳасида 6,2 мингта (10,1 фоиз), тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш соҳасида эса 3,8 мингта (6,1 фоиз) корхона фаолият юритмоқда. Бу эса Ўзбекистоннинг пахта хомашёсини чуқур қайта ишлаш, қўшилган қиймат яратиш ва тайёр маҳсулот экспортини кўпайтириш сиёсати изчил амалга оширилаётганини кўрсатади.
Саноатда тайёр металл буюмлар ишлаб чиқариш ҳам муҳим улушга эга бўлиб, бу соҳада 5,1 мингта (8,2 фоиз) корхона ишламоқда. Мебель ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи корхоналар сони 4,3 мингта (6,9 фоиз)ни ташкил этса, резина ва пластмасса буюмлари ишлаб чиқариш соҳасида 2,9 мингта (4,7 фоиз) корхона фаолият олиб бормоқда.
Рақамлардан кўриниб турибдики, Ўзбекистон саноатида аҳолининг кундалик эҳтиёжларини қондиришга хизмат қилувчи тармоқлар етакчилик қилмоқда. Шу билан бирга, қурилиш материаллари, металл буюмлар ва мебель ишлаб чиқаришнинг юқори улуши мамлакатда қурилиш индустрияси ва урбанизация жараёнлари жадал давом этаётганини англатади.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА