Ўзбекистонда ерларнинг 95 фоизи рақамлаштирилди
Бугунги кунда мамлакатда ер ресурсларини рақамлаштириш, кадастр тизимини такомиллаштириш ҳамда соҳада шаффофликни таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бу эса ер муносабатларини тартибга солиш, давлат хизматлари сифатини ошириш ва инвестицион муҳитни яхшилашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Кадастр агентлигининг маълумотларига кўра, республикадаги жами 44,9 миллион гектар ер майдонининг 42,4 миллион гектари, яъни қарийб 95 фоизи “UZKAD” ахборот тизими орқали электрон хариталаштирилди. Шунингдек, 41,4 миллион гектар ер майдони давлат рўйхатидан ўтказилиб, кадастр маълумотларини юритишда замонавий рақамли технологиялар кенг жорий этилмоқда.
Соҳа ходимларининг таъкидлашича, ер ресурсларини рақамлаштириш орқали соҳада инсон омилини қисқартириш, ортиқча қоғозбозликка барҳам бериш ҳамда маълумотлар аниқлиги ва шаффофлигини таъминлаш имкони кенгаймоқда. Айниқса, ер ажратиш, кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш ва ердан фойдаланиш жараёнларининг ягона электрон тизим асосида юритилиши коррупциявий омилларни камайтиришга ҳам хизмат қилади.
“UZKAD” тизими орқали ер майдонларини электрон мониторинг қилиш, ҳудудларни рақамли таҳлил этиш ва кадастр маълумотларини ягона платформада сақлаш имкониятлари яратилгани давлат бошқарувида самарадорликни оширишга хизмат қилмоқда. Бу эса ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги, қурилиш ва инвестиция лойиҳаларини аниқ маълумотлар асосида режалаштириш имконини бермоқда.
Шу билан бирга, рақамли кадастр тизими фуқаролар ва тадбиркорлар учун ҳам қатор қулайликларни яратмоқда. Эндиликда кўплаб кадастр хизматларидан электрон шаклда фойдаланиш имконияти кенгайиб, мурожаатларни кўриб чиқиш муддатлари қисқармоқда. Бу эса аҳоли ва бизнес вакилларининг вақт ҳамда харажатларини тежашга хизмат қиляпти.
Аслини олганда, ер ресурсларини рақамлаштириш нафақат соҳадаги очиқликни таъминлайди, балки мамлакатнинг инвестицион жозибадорлигини оширишда ҳам муҳим омил ҳисобланади. Чунки инвесторлар учун аниқ ва ишончли кадастр маълумотларининг мавжудлиги инвестиция қарорларини қабул қилишда муҳим аҳамиятга эга.
Қайд этилишича, рақамли кадастр тизимини янада такомиллаштириш, геоахборот технологияларини кенг жорий этиш ва маълумотлар базасини тўлиқ шакллантириш ишлари изчил давом эттирилмоқда.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА