Ўзбекистон ва Жанубий Корея ҳуқуқий соҳада рақамли ҳамкорликни кенгайтирмоқда
Ҳуқуқий ахборотни аҳолига тезкор ва қулай етказиш, норма ижодкорлиги жараёнларини рақамлаштириш ҳамда сунъий интеллект технологияларини жорий этиш замонавий ҳуқуқ тизимининг муҳим йўналишларидан бирига айланмоқда. Бу борада илғор хорижий тажрибаларни ўрганиш ва халқаро ҳамкорликни кенгайтириш муҳим.
Айни кунларда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги делегацияси таркибидаги “Адолат” миллий-ҳуқуқий ахборот маркази вакиллари Жанубий Корея Республикасида бўлиб турибди. Ташриф 2025 — 2026-йилларга мўлжалланган KSP (Knowledge Sharing Program) билимлар алмашинуви дастури доирасида ташкил этилган бўлиб, ундан кўзланган мақсад ҳуқуқий ахборотни тарқатишда замонавий тизимлар ҳамда сунъий интеллект технологияларини кенг жорий этиш бўйича Корея тажрибасини ўрганишдан иборат.
Хизмат сафари давомида делегация аъзоларининг Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси, Конституциявий суди, Давлат қонунчилиги вазирлиги, Корея ҳуқуқий ахборот маркази ҳамда мазкур йўналишда фаолият юритувчи AT компаниялари вакиллари билан учрашувлари режалаштирилган.
Дастурнинг илк кунида Корея қонунчилик тизими, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва уларга ўзгартириш киритишда рақамли технологиялардан фойдаланиш амалиёти, ҳуқуқий ахборотни аҳолига етказишнинг замонавий механизмлари ҳамда илғор тажрибалар юзасидан тақдимотлар ўтказилди.
Шунингдек, Корея қонунчилик тадқиқотлари институти экспертлари билан норма ижодкорлиги жараёнида илмий-таҳлилий институтларнинг роли, ҳуқуқ ижодкорлигида рақамли технологиялар ва сунъий интеллектдан фойдаланиш масалалари муҳокама қилинмоқда.
Таъкидланишича, мазкур хизмат сафари икки томон ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш, ҳуқуқий ахборотни рақамли бошқариш ҳамда норма ижодкорлиги жараёнларини модернизация қилиш бўйича тажриба алмашишга хизмат қилади.
М.Ҳожиакбарова, ЎзА