Мамлакатимизда яшил технологиялар ва илғор ечимларни жорий этиш, кўп қаватли уйларда энергосамарадорликни таъминлаш, бунда замонавий инновацион технологиялардан фойдаланиш имкониятларига асосланадиган истиқболли лойиҳаларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, янги қурилган кўп қаватли уйлар том қисми майдонининг камида ярмига қуёш панеллари ўрнатилиб, 31 мингта кўп қаватли уйнинг иссиқлик изоляцияси яхшиланмоқда. Бундай уйларнинг лойиҳалаш тамойили тўлиқ энергия сарфини минималлаштиришга асосланган.
Эътиборлиси, Ўзбекистонда энергиятежамкор уйларни кўпайтириш борасида дастурлар ишлаб чиқилди. Шунингдек, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, экологик мувозанатни ушлаб туриш, қурилиш ва коммунал соҳалардаги асосий стратегик вазифалардан бири этиб белгиланган.

Хусусан, Президентимизнинг 2025 йил 11 мартдаги тегишли қарорига асосан Халқаро молия институтларидан жалб қилинадиган маблағлар ҳисобидан 2026-2030 йилларда кўп квартирали уйларни базальт қопламаси билан қоплаш дастури ишлаб чиқилди.
Дастурга кўра, республиканинг 4 ҳудуди (Андижон, Бухоро, Самарқанд, Чирчиқ шаҳарлари)даги 53 минг 44 хонадонли, жами 1 минг 34 та кўп квартирали уйнинг том, уйнинг кириш йўлакларидаги темир эшиклар, фрамуга ромлар, ертўла муҳандислик қувурларини янгилаш ҳамда уйларнинг фасад қисмини базальт қопламаси билан қоплаш каби иш туркумлари амалга оширилиши назарда тутилмоқда.
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги берган маълумотга кўра, бугунги кунда мамлакатимизда жами кўп квартирали уйлар 44 минг 152 тани ташкил этади. Шундан 30 минг 756 таси 1991 йилгача, 3 минг 636 таси 1991-2016 йилгача, 9 минг 760 таси эса 2016-2025 йилгача қурилган уйлардир.
– Жорий йилда кўп квартирали уй-жой фондини куз-қиш мавсумига тайёрлаш юзасидан 9 минг 812 та кўп квартирали уйга бошқарув ташкилотларининг 247 млрд. сўм маблағлари жалб қилинди, – дейди қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири ўринбосари Озода Жўраева. – Шундан 2 минг 577 та кўп квартирали уйларда таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Кўп квартирали уйларнинг энергия самарадорлигини ошириш бўйича давлатимиз раҳбарининг катта эътиборлари натижасида кўп қаватли уйларнинг фасад қисмларини энергияни сақловчи базальт қопламаси билан қоплаш бўйича бир қатор дастурлар ишлаб чиқилди. Буни биргина Сирдарё вилояти мисолида таҳлили қиладиган бўлсак, Президентимизнинг “Сирдарё вилоятида ишбилармонлик муҳити инфратузилма ва аҳоли турмуш даражасини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан вилоятдаги жами 215 та кўп квартирали уйларнинг том қисмини таъмирлаш, базальт қопламаси билан қоплаш, иссиқлик таъминотини яхшилаш ва туташ ҳудудларни ободонлаштириш бўйича манзилли рўйхат шакллантирилган.

Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг кредит маблағлари ҳисобидан Гулистон шаҳридаги жами 122 та кўп квартирали уйларнинг фасад қисмларини энергияни сақловчи базальт қопламаси билан қоплаш бўйича манзилли рўйхат шакллантирилган.
Хусусан, Гулистон шаҳрининг «Бўстон» маҳалласидаги 48 та, «Истиқлол» маҳалласидаги 17 та, «Шодлик» маҳалласидаги 1 та, «Боғишамол» маҳалласидаги 32 та, «Намуна» маҳалласидаги 3 та, «Обод юрт» маҳалласидаги 19 та, «Сайқал» маҳалласидаги 2 та, жами 122 та кўп квартирали уйларнинг фасад қисмларини энергияни сақловчи базальт материаллари билан қоплаш режалаштирилган.
Бугунги кунда Гулистон шаҳридаги «Бўстон», «Истиқлол», «Намуна», «Обод юрт», «Сайқал», маҳаллаларидаги кўп квартирали уйларни базальт қопламаси билан қоплаш учун салоҳиятли қурувчи-пудрат ташкилотлари томонидан таъмирлаш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда.
Эътиборли жиҳати шундаки, Президентининг тегишли қарорига асосан Гулистон шаҳри “Бўстон” МФЙ даги 52 та кўп қаватли уйлардаги 2 409 та хонадонни иссиқлик билан таъминлаш мақсадида РК-1 ва РК-2 янги марказлашган қозонхоналарнинг қурилиши ва 2,8 км. иссиқлик тармоқларини тортиш ишлари якунига етказилиб, фойдаланишга топширилган.
Шартномага асосан Республика бюджети маблағидан 22,5 млрд. сўм ажратилган.

Президентимизнинг 2024 йил 24 декабрдаги қарорига асосан Гулистон шаҳри “Истиқлол” МФЙ ҳудудида Республика бюджетининг 14,9 млрд.сўм маблағлари ҳисобидан 1 та қозонхона ва 2,7 км. иссиқлик тармоқларини қуриш орқали 791 та хонадондан иборат, 21 та кўп квартирали уйлар ҳамда 2 та ижтимоий соҳа объектлари иссиқлик таъминоти билан таъминланиши режалаштирилган.
Лойиҳа амалга оширилиши натижасида йиллик 2,2 млн. метр куб табиий газ ҳамда 11,9 млн. кВт/соат электр энергияси иқтисодига эришилади.
Бундан ташқари, Боёвут тумани “Янги авлод” МФЙ худудидаги “Янги Ўзбекистон” массивида (1-босқичда) қурилаётган 1 008 та хонадондан иборат 14 та кўп квартирали уйларни иссиқлик таъминоти билан таъминлаш мақсадида 18 млрд. сўм маблағлар ҳисобидан 1 та қозонхона ва 4 км. иссиқлик тармоқларини тортиш ишлари амалга оширилмоқда. Бугунги кунда 1,6 км (40 фоиз) иссиқлик тармоқларини тортиш ва 2 та (40 фоиз) қозон ўрнатиш ишлари бажарилди.
“Истиқлол коммунал хизмат таъмир” бошқарув сервис компанияси 2021 йил ташкил этилган. Гулистон шаҳри “Бўстон” ва “Буюк келажак” маҳаллалар ҳудудидаги 90 та уйга хизмат кўрсатади. 6 та ўзини оқламаган ширкатлар ўрнида ташкил этилган компания бугунги кунда аҳолига 20 дан ортиқ қўшимча сервис хизматларни тақдим этиб келмоқда. 25 нафар ишчи ходимдан иборат компания 24 соатлик диспетчерлик хизмати ҳамда бой моддий-техника базасига эга.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА