Муносабат
Кейинги йилларда юртимизда глобал ривожланиш ва иқлим ўзгаришлари билан боғлиқ экологик муаммоларнинг олдини олиш ва бартараф этишда фуқаролар иштирокини таъминлаш, аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Янги таҳрирдаги Конституцияда давлат фуқароларнинг экологик ҳуқуқларини таъминлаш ва шаҳарсозлик фаолияти соҳасида жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратиб бериши белгилаб қўйилди. 2030 йилгача Ўзбекистон Республикасида “яшил” иқтисодиётга ўтиш ва “яшил” ўсишни таъминлаш дастурида аҳолининг экологик ҳуқуқлари ва мажбуриятлари ўз аксини топди.

Давлатимиз раҳбарининг “2030 йилгача бўлган даврда аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори бу борада мамлакатда амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини янги босқичга олиб чиқишда муҳим аҳамият касб этади.
Сабаби, қарор билан аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар самарадорлигини янада ошириш, ушбу йўналишда давлат органларининг фуқаролар, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ўзаро ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатларини ҳамда экологик билимларини оширишга қаратилган узоқ муддатли стратегиялар белгиланди.
Жумладан, 2030 йилгача боғча, мактаб, ўрта таълим ҳамда олий таълимда қарийб 10 миллион ўқувчи-ёшларнинг ҳамда 90 фоиз давлат органлари, корхона ва муассасалар ходимларида экологик маданиятни юксалтириш кўзда тутилган. Жамиятда юксак экологик маданиятни шакллантириш бўйича тарғиботнинг инновацион усулларини жорий этиш, бунда рақамли технологиялар имкониятларидан кенг фойдаланиш орқали ушбу кўзланган натижаларга ортиғи билан эришиш мумкин.
Қолаверса, қарор билан аҳолининг экологик маданиятини шакллантириш ва юксалтиришда фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорликни янада ривожлантириш, экология соҳасидаги ҳуқуқбузарликларга қарши курашишда жамоатчилик назорати механизмларини такомиллаштириш чоралари кўрилиши белгиланмоқда. Албатта, ушбу йўналишда ННТлар имштирокининг фаоллашуви яқин вақт ичида ўзининг ижобий самарасини бериши шубҳасиздир. Зеро, нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан амалга ошириладиган стратегиялар, чора-тадбирлар, халқаро алоқалар жамият ва давлат ривожи учун ғоятда манфаатли ҳисобланади.
Шу билан бирга, Экология вазирлиги Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, Ёшлар ишлари агентлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари билан биргаликда 2025 йилдан бошлаб ҳар йили аҳолининг турли қатламлари, талабалар ва ўқувчи-ёшлар ўртасида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида “Янги дарахт – янги нафас” республика экочемпионати ҳамда ҳар ойда бир маротаба “Маҳаллани чиқиндидан холи ҳудудга айлантирамиз” шиори остида акциялар, ташвиқот тадбирлари ўтказиб борилади.
Шунингдек, 2025/2026 ўқув йилидан бошлаб илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида бажариладиган илмий лойиҳалар танловида аҳолининг экологик маданиятини юксалтиришни илмий-амалий жиҳатдан тадқиқ этишга оид мавзулар ҳар йили эълон қилиб борилади. Олий таълим муассасалари талабалари томонидан Ўзбекистон эковолонтёр талабалари ҳаракати ташкил этилади.
Умуман олганда ушбу консепцияда белгиланган вазифалар халқимиз ва кенг жамоатчилик томонидан кутилган муҳим ташаббуслар эканлиги билан янада аҳамиятли саналади. Боиси, сайёрамизнинг келажаги жамиятнинг экологик маданиятига боғлиқ эканлиги барчамизга яхши аён. Зеро, глобал экологик муаммоларни фақат миллий ва глобал миқёсда биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билангина ҳал қилиш мумкин.
Мавлуда АДҲАМЖОНОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.
ЎзА