Ўзбекистонда бизнес кайфияти I чоракда қандай ўзгарди?
Ўзбекистонда тадбиркорлик муҳитини яхшилаш, хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва ишбилармонликни қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар ўз самарасини бермоқда. 2026 йилнинг биринчи чораги якунлари ҳам мамлакатда бизнес муҳити барқарор ривожланаётганини, тадбиркорлар эса келажакка катта ишонч билан қараётганини тасдиқлади.
Марказий банк томонидан 2026 йил биринчи чорагида республика бўйлаб ўтказилган бизнес кайфияти сўровида 2 минг 487 нафар тадбиркор иштирок этди. Сўров натижаларига кўра, иштирокчиларнинг 64 фоизи жорий бизнес шароитлари ўтган йилнинг шу даврига нисбатан яхшиланганини қайд этган. Бу кўрсаткич 2025 йилнинг биринчи чорагида 56 фоизни ташкил этган бўлиб, кейинги йилларда тадбиркорлар ишончи изчил мустаҳкамланаётганини англатади.
Сўров иштирокчилари банк хизматлари сифатининг ошиши, кредит ресурсларидан фойдаланиш имкониятларининг кенгайиши, лицензия ва рухсатномаларни расмийлаштириш жараёнларининг соддалашиши ҳамда маъмурий аралашувлар қисқарганини энг муҳим ижобий ўзгаришлар сифатида баҳолаган.
Бу омиллар тадбиркорлик субъектларининг эркин ва самарали фаолият юритиши учун янада қулай муҳит шаклланаётганини кўрсатади. Ҳисобот даврида ишлаб чиқариш ҳажмлари, буюртмалар сони, юк ташиш хизматлари ва меҳнат бозоридаги фаоллик юқори суръатларда ўсди. Айниқса, буюртмалар ҳажми ошганини қайд этган тадбиркорлар улуши 57 фоизга етди. Бу ўтган йилга нисбатан 11 фоиз бандга юқори кўрсаткичдир.
Тошкент вилояти, Навоий, Андижон, Наманган ва Хоразм вилоятлари иқтисодий фаолликнинг энг юқори ўсиши қайд этилган ҳудудлар сифатида ажралиб турди. Бу жараёнга ишлаб чиқариш, туризм, таълим, умумий овқатланиш ва қишлоқ хўжалиги тармоқлари асосий ҳисса қўшди.
Тадбиркорларнинг ярмидан кўпи қўшимча ишчи кучига эҳтиёж ортиб бораётганини таъкидлаган. Натижада қўшимча ходимларга талаб мавжудлигини билдирганлар улуши 50,4 фоизни ташкил этди. Бу ҳолат ишлаб чиқариш қувватлари кенгаяётгани ва иқтисодий фаоллик ошиб бораётганининг муҳим кўрсаткичларидан бири ҳисобланади.
Сўров натижалари қурилиш, ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги, маиший хизмат ва умумий овқатланиш соҳаларида кредит маблағларига эҳтиёж юқори эканини кўрсатди. Тадбиркорларнинг 49 фоизи яқин истиқболда қўшимча молиявий ресурсларга эҳтиёж ортишини билдирган. Бу эса иқтисодий фаолликнинг янада кенгайиши учун инвестиция ва молиялаштириш муҳим аҳамият касб этаётганини англатади. Ҳудудлар кесимида деярли барча вилоятларда бизнес муҳити яхшилангани қайд этилди.
Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида тадбиркорларнинг 60 фоизи бизнес шароитлари яхшиланганини билдирди. Бухоро, Навоий ва Самарқанд вилоятларида ушбу кўрсаткич 63 фоизни ташкил қилди. Фарғона водийсида тадбиркорларнинг 65 фоизи ижобий баҳо берди.
Қашқадарё ва Сурхондарёда энг юқори натижа кузатилиб, тадбиркорларнинг 70 фоизи бизнес муҳити яхшиланганини таъкидлади. Жиззах ва Сирдарё вилоятларида бу кўрсаткич 63 фоиз бўлди. Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида эса 60 фоиз тадбиркор бизнес шароитлари яхшиланганини қайд этди. Барча ҳудудларда банк хизматлари сифати, рақобат муҳити ва лицензиялаш тизимидаги ижобий ўзгаришлар энг муҳим омиллар сифатида эътироф этилди.
Эътиборли жиҳати шундаки, тадбиркорларнинг 71 фоизи мамлакатда макроиқтисодий шароитлар келгусида янада яхшиланишига ишонч билдирган. Бу кўрсаткич хусусий секторнинг иқтисодий ислоҳотларга бўлган ишончи юқори даражада эканини яна бир бор тасдиқлайди.
Албатта, энергия таъминоти, солиқ маъмурчилиги, айланма маблағлар етишмаслиги ва айрим инфратузилма билан боғлиқ муаммолар ҳали ҳам долзарблигича қолмоқда. Бироқ умумий натижалар мамлакатда тадбиркорлик муҳитини янада такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар ўз самарасини бераётганини кўрсатмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, 2026 йилнинг биринчи чораги якунлари Ўзбекистон иқтисодиётида хусусий секторнинг ўрни тобора мустаҳкамланиб бораётганини, тадбиркорларнинг ишонч ва фаоллиги эса мамлакат иқтисодий тараққиётининг муҳим ҳаракатлантирувчи кучи бўлиб қолаётганини яна бир бор намоён этди.
Ш.Маматуропова,
ЎзА