Мамлакатимизда сўнгги йилларда муқобил энергетика соҳасини ривожлантириш, энергия манбаларини диверсификация қилиш ва экологик барқарорликни таъминлаш мақсадида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Бу жараёнда электротехника саноатида маҳаллий ишлаб чиқаришни кенгайтириш, янги технологияларни жорий этиш ва хорижий ҳамкорлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш устувор аҳамият касб этади.
Шунга кўра, яқинда “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси раҳбарияти ҳамда уюшмага аъзо “Sun-Hightech” корхонаси вакиллари Хитойнинг “Envision Group” компанияси делегацияси билан учрашув ўтказди.
Учрашувда Ўзбекистонда “Energy Storage System” (BESS) – энергияни сақлаш тизимлари учун зарур бўлган литий-ион батареяларни маҳаллий ишлаб чиқариш, технологик трансферни амалга ошириш ҳамда қўшма ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди. Музокаралар давомида томонлар мамлакатимизда ушбу турдаги энергия сақлаш ускуналарига бўлган юқори талаб, мавжуд лойиҳаларнинг техник эҳтиёжлари ва бозор салоҳияти ҳақида фикр алмашди.
Таъкидлаш керак, “Envision Group” – қайта тикланувчи энергетика ва энергияни сақлаш технологиялари бўйича Хитойнинг етакчи корпорацияси ҳисобланади. Компания шамол турбиналари, литий-ион батареялар ва BESS тизимларини ишлаб чиқаради ҳамда рақамли бошқарув ечимларини таклиф этади.
Шунингдек, мулоқот чоғида хорижий меҳмонларга Ўзбекистондаги инвестицион муҳит, илмий-техник база ва юқори малакали мутахассислар салоҳияти тўғрисида ҳам атрофлича маълумот берилди.
Уюшма ахборот хизматига кўра, мазкур мулоқот мамлакатимизда “яшил” энергетика салоҳиятини мустаҳкамлаш, маҳаллий саноатни технологик янгилаш ва юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш йўлидаги муҳим стратегик қадамлардан бири сифатида эътироф этилмоқда. Шу билан бирга, литий-ион батареяларини маҳаллийлаштириш орқали мамлакатнинг экспорт салоҳиятини ошириш ва янги иш ўринларини яратишга ҳам туртки бериш мақсад қилинган.
Учрашув якунида томонлар ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга келишиб олди.
Н.Зиёдуллаева тайёрлади,
ЎзА