Вазирлар Маҳкамасининг жорий йилнинг 9 мартдаги қарори билан “Автомобиль тарихи” маълумотларини тақдим этиш бўйича давлат хизмати кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланди.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги бошқарма бошлиғи Бунёд Азизов қарорнинг аҳамиятли жиҳатлари ҳақида сўзлаб берди:
– Қарорга кўра, 2022 йил 1 майдан бошлаб автомобилларга оид маълумотларни тақдим этишга бўйича “Автомобиль тарихи” давлат хизматини кўрсатиш йўлга қўйилади.
“Автомобиль тарихи”га оид маълумотларини Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) (my.gov.uz), Давлат хизматлари марказлари, веб-сайтлар ва мобиль иловалар орқали шартномавий асосда аниқлаш ва олиш мумкин бўлади.
Хизматдан фойдаланишда тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи, мудофаа ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тегишли автотранспорт воситаларидан ташқари Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтган барча автотранспорт воситалари тўғрисидаги маълумотларни олиш мумкин.
“Автомобиль тарихи”да автотранспорт воситасига доир маълумотлар тақдим этилади.
Автотранспорт воситасининг агрегат маълумотлари, босиб ўтган масофаси, фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар тузилганлиги тўғрисидаги маълумотлар, йўл-транспорт ҳодисаси содир этилганлиги (мавжуд бўлса); автотранспорт воситаси иштирокида содир этилган қоидабузарликлар; автотранспорт воситасининг гаровда эканлиги ҳақидаги (мавжуд бўлса); автотранспорт воситасига нисбатан тақиқ мавжуд ёки мавжуд эмаслиги; божхона расмийлаштирувидан ўтган санаси тўғрисидаги маълумотлар, автотранспорт воситасига йўловчи ташиш бўйича лицензия варақаси олинганлиги (олинмаганлиги) ҳақидаги маълумотлар шулар жумласидандир.
Ушбу маълумотлар автотранспорт воситасининг рўйхатдан ўтказиш давлат рақам белгиси, рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги гувоҳномаси серияси ва рақами асосида сўровга асосан реал вақт режимида тақдим этилади. Сўровномада нотўғри маълумотлар кўрсатилса, давлат хизматини кўрсатиш рад этилади.
“Автомобиль тарихи” ҳақидаги маълумотнома QR-код қўйилган ҳолда реал вақт режимида расмийлаштирилади.
Давлат хизматини кўрсатиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 фоизи (27 минг сўм) миқдорида йиғим ундирилади.
“Автомобиль тарихи” бўйича давлат хизматини кўрсатиш ва автотранспорт воситасига оид маълумотларни тақдим этишда шахсга доир маълумотлар ошкор этилмайди.
Автотранспорт воситасининг эгасига доир тўлиқ маълумотлар фақатгина автотранспорт воситаси мулкдори томонидан ўзининг автотранспорт воситаси тарихини олиш учун йўллаган сўровномасига асосан берилади.
“Автомобиль тарихи”га оид маълумотнома ахборот хусусиятига эга бўлиб, келгусида расмий ҳаракатларни амалга ошириш учун асос бўлмайди.
Ушбу хизматнинг жорий этилиши фуқаролар томонидан иккиламчи бозордан автотранспорт воситасини харид қилишда айрим фирибгарларга алданиб қолишларининг олдини олишга хизмат қилади.
Н.Абдураимова, ЎзА