Ўзбекистонда “ақл марказлари” кимлар ва улар нимага керак?
Кўпчилик давлатдаги бошқарув қарорлари қандай қабул қилинишини ўйлаб ҳам кўрмайди. Гўёки улар тайёр ҳолда, бир зумда пайдо бўладигандек. Аслида эса ҳар бир бошқарув қарори ортида катта таҳлил, ҳисоб-китоб ва пухта ўйланган прогнозлар ётади.
Ана шу “кўринмас меҳнат”ни амалга оширадиган тизим — бу “ақл марказлари”дир.
Дунё амалиётида бундай марказлар қарийб бир аср аввал шаклланган бўлса, Ўзбекистонда улар айниқса сўнгги йилларда жадал ривожланмоқда. Ислоҳотлар чуқурлашгани сайин давлат бошқарувида шунчаки тезкор қарорлар эмас, балки асосланган, ҳисобланган ва эҳтимолий хавфлари олдиндан баҳоланган бошқарув қарорлари зарур бўлиб бормоқда.
Айнан шу эҳтиёж “ақл марказлари”ни давлат бошқарувининг энг муҳим интеллектуал бўғинларидан бирига айлантирмоқда.
2025 йил якунлари бўйича эълон қилинган рейтинг эса мамлакатда қайси марказлар ҳақиқатан ҳам фаол ва таъсирчан эканини яққол намоён қилди. Эътиборли жиҳати — бу йил криминология, яъни жиноятчиликни илмий асосда ўрганиш йўналиши алоҳида ажралиб чиқди.
Жиноятчилик илдизигача етаётган “ақл маркази”
Бугунги кунда Криминология тадқиқот институти оддий “ҳисобот ёзадиган ташкилот” эмас. Институт бугунги кунда жиноят оқибатлари билан курашишни эмас, балки жиноятчиликнинг асл омилларини аниқлаш ва ўз вақтида бартараф этиш орқали унинг барвақт олдини олишни устувор мақсадга айлантирган.
Бу ерда ёндашув мутлақо бошқача: “Ким айбдор?” деган савол билан чекланилмайди. Асосий эътибор “Нима учун бу содир бўлди?”, “Унга қандай омиллар туртки бўлди?”, “Уни барвақт қандай олдини олиш мумкин?” деган масалаларга қаратилади.
Бугун Институт томонидан республикадаги криминоген вазият бўйича чуқур ва пухта илмий тадқиқотлар айнан шу йўналишда олиб борилаётгани ҳам катта аҳамиятга эга. Амалда илк бор жиноятчиликка доир жараёнлар шунчаки статистика ёки расмий рақамлар орқали эмас, балки чуқур илмий таҳлил, прогноз ва омиллар кесимида ўрганила бошлади. Бу эса соҳадаги бошқарув қарорларини янада асосли, манзилли ва самарали қилиш учун мустаҳкам замин яратмоқда.
Айниқса, Ички ишлар вазирлиги тизимида янги вазир тайинланганидан кейин илмга ва таҳлилга эътибор кучайиб бораётгани ҳам бу жараёнга янги суръат берди. Бу эса жиноятчиликка қарши курашишда фақат амалиёт эмас, балки илм-фанга таянган ёндашув устувор аҳамият касб этаётганини кўрсатади.
Бу ёндашув жуда муҳим. Чунки оддий жазолаш тизими муаммони камайтирмайди, лекин сабабларни тушуниш — уни илдизидан ҳал қилиш имконини беради.
“Ақл марказлари” аслида қандай ишлайди?
Кўпчилик “ақл марказлари”ни гўёки юқоридан бошқариладиган ёпиқ тизим деб тасаввур қилади. Аслида эса бу — турли соҳалар мутахассисларидан иборат, мустақил фикрлайдиган экспертлар жамоасидир.
Уларнинг иш услуби оддий, аммо жуда тизимли:
– аввало муаммо аниқланади (масалан, инфляция ёки жиноятчилик),
– кейин маълумотлар йиғилади (статистика, таҳлиллар),
– сўнг сабаб ва оқибатлар чуқур ўрганилади, социологик сўровлар ўтказилади;
– ва ниҳоят, бир эмас, бир нечта илмий-амалий ечим вариантлари ишлаб чиқилади.
Энг муҳим жиҳат — улар қарор қабул қилмайди. Улар истиқболли йўл кўрсатади, асос беради, тавсия қилади. Қарор эса барибир давлат бошқарув органлари томонидан қабул қилинади.
Рейтинг нимани кўрсатади?
Бу рейтинг шунчаки “ким кўп ёзди?” деган саволга жавоб эмас.
Бу — қайси марказ қанчалик таъсир кўрсата олди деган саволнинг жавобидир.
Баҳолашда бир нечта муҳим мезонлар ҳисобга олинади:
– қанча таҳлилий материал тайёрлангани;
– уларни қанча фойдаланувчи ўқигани;
– қанчалик иқтибос қилингани;
– ва рақамли майдондаги фаоллиги.
Яъни масала фақат миқдорда эмас. Энг муҳими — марказ жамият фикрига ва бошқарув қарорларига қанчалик таъсир ўтказа олганидир.
Етакчилар ва янги тенденция
Рейтингга эътибор берилса, анъанавий кучли “ақл марказлари” ўз позицияларини сақлаб қолгани кўринади. Бу — тизимда барқарорлик ва шаклланган экспертлик мактаблари мавжудлигини англатади.
Масалан, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази ҳануз иқтисодий таҳлиллар бўйича асосий “фикр фабрикаси” сифатида етакчиликни қўлдан бой бермаяпти. “Юксалиш” ҳаракати эса жамоатчилик билан ишлашда — сўровлар, очиқ мулоқот ва фикр алмашув платформалари орқали ажралиб турибди. У жамият кайфиятини “ўлчайдиган барометр”га айланган, десак муболаға бўлмайди.
“Тараққиёт стратегияси” маркази эса мураккаб давлат дастурларини кенг жамоатчиликка содда ва тушунарли тарзда етказиб бериш орқали ўзига хос кўприк вазифасини бажармоқда.
Аммо бу йилги рейтингнинг энг муҳим сигнали — бошқача. Эндиликда фақат иқтисодий ёки институтсионал таҳлиллар эмас, балки хавфсизлик, жамият ва инсон омилига оид тадқиқотлар кескин кучайгани кўзга ташланмоқда.
Бу эса бир нарсани англатади: бугунги бошқарув қарорларида рақамлардан кўра инсон омили, ижтимоий муҳит ва хавфсизлик масалалари тобора муҳим аҳамият касб этмоқда.
Уларнинг фойдаси нимада сезилди?
Мутахассислар фикрига кўра, сўнгги йилларда “ақл марказлари”нинг реал самараси амалда яққол сезила бошлади:
– бошқарув қарорлари тобора асосли ва далилли бўляпти,
– ислоҳотлар олдиндан пухта ҳисоб-китоб асосида амалга ошириляпти,
– жамоатчилик фикрига эътибор кучаймоқда,
– ва энг муҳими — муаммолар кеч эмас, балки олдиндан аниқланмоқда.
Айниқса, криминология йўналишида “жиноят содир бўлди — жазолаймиз” моделидан “жиноят бўлмаслиги учун нима қилиш керак?” моделига ўтиляпти. Бу эса жиноятчиликка қарши курашишда мутлақо янги босқич — профилактика ва илмий таҳлилга таянган ёндашувни англатади. Бу борада Ўзбекистон яна бир бор ўзини ҳуқуқий давлат сифатида халқаро майдонда намоён этмоқда.
Айниқса, Ички ишлар вазирлиги тизимида ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси Криминология тадқиқот институти фаолият бошлаганига эндигина 1,5 йилдан ошганига қарамасдан, мамлакатнинг ТОП-20 “ақл марказлари” қаторига киритилгани бу йўлдаги ислоҳотлар самарасининг ёрқин ифодаси бўлди.
Бир сўз билан айтганда, эндиликда Ўзбекистонда янги босқич бошланяпти. Яъни, 2025 йил натижалари шуни кўрсатдики, Ўзбекистонда “ақл марказлари” энди шунчаки илмий ташкилот эмас — улар реал таъсир кучига эга тизимга айланмоқда. Яъни, улар кўпроқ ёзмоқда, кўпроқ ўқилмоқда ва энг муҳими — қарорлар сифатини оширмоқда.
Ва, энг муҳим ўзгариш шуки, энди фақат иқтисодиёт эмас, балки инсон, жамият ва хавфсизлик ҳам чуқур таҳлил қилинмоқда.
Бу эса битта нарсани, келажак қарорлари тасодифий эмас, ҳисобланган бўлишини англатади.
М. Эшмирзаева, ЎзА