Касбий қайта тайёрлаш курси битирувчиларига сертификат топширилди
Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академиясининг Касбий қайта тайёрлаш курси битирувчиларига тантанали сертификат топшириш расмий маросими бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Судьялар олий кенгаши, Конституциявий суд, Олий суд, Судьялар ассоциацияси, бошқа бир қатор ташкилотлардан масъуллар, битирувчилар, ота-оналар вa ОАВ вакиллари иштирок этди.
Тадбирда фахрий меҳмонлар сўзга чиқиб, сўнгги йилларда Президентимиз бошчилигида олиб борилаётган ислоҳотлар натижаси ўлароқ суд тизимида юқори малакали кадрлар тайёрлаш борасида кенг кўламли ижобий ўзгаришлар рўй берганини алоҳида таъкидлади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 21 августдаги “Одил судлов соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига асосан Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби негизида Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академияси ташкил этилди. Фармонга мувофиқ, суд-ҳуқуқ тизими учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизими мутлақо янги босқичга чиқди.
Академияда 2025/2026 ўқув йили учун судьялик лавозимларига номзодлар тайёрлаш мақсадида Касбий қайта тайёрлаш курси йўлга қўйилди.

Танлов натижасига кўра, 1 минг 16 нафар талабгордан 160 нафар тингловчи курсга қабул қилинди. Улар жиноят, фуқаролик, иқтисодиёт ва маъмурий ҳуқуқ ихтисосликлари бўйича тайёрланди. Шунингдек, қўшимча квоталар асосида вилоятлардан вa хотин-қизлардан тингловчилар жалб қилинди.
Курс якунида тингловчиларнинг назарий ва амалий билимларини синаш мақсадида мутахассислик вa номутахассислик фанларидан якуний синовлар ўтказилди. Ушбу курс нафақат суд тизими, балки бутун жамият учун адолат вa қонун устуворлигини таъминлашда муҳим қадам сифатида баҳоланди.

Маросим давомида янги авлод судьяларини тайёрлашга бағишланган видеоролик намойиш этилди. Битирувчиларга сертификатлар тантанали равишда топширилди.
Шунингдек, академия ректори ва профессор-ўқитувчилар томонидан битирувчиларга табрик ва тилаклар билдирилди.
Академия қадриятларини ўзида акс эттирган, тингловчилар томонидан ижро этилган Академия мадҳиясининг расмий тақдимот маросими ҳам бўлиб ўтди.

Битирувчилар томонидан Академия раҳбарияти, профессор-ўқитувчиларига тилаклар ёзилган эсдалик китоби топширилди.
Н.Абдураимова,
А.Алижонов (сурат), ЎзА