Ўзбекистонда 5 миллион долларлик халқаро танлов йўлга қўйилади
2027 йил апрель ойидан бошлаб Ўзбекистонда хорижий стартапларни жалб қилишга қаратилган “Land of Startups” халқаро танлови ўтказилади.
Умумий инвестиция жамғармаси 5 миллион АҚШ долларини ташкил этадиган танловда 25 та стартап жамоаси 200 минг долларгача инвестиция олиш имкониятига эга бўлади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 28 октябрдаги қарорига мувофиқ, “Land of Startups”(Стартаплар макони) халқаро танлови жорий этилди. Ташаббус Президентнинг 2026 йил 11 февралдаги қарори ижроси доирасида амалга оширилиб, хорижий технологик компанияларни мамлакатга жалб қилиш, технологиялар трансферини жадаллаштириш ва Ўзбекистоннинг минтақавий стартап хаби сифатидаги мавқеини мустаҳкамлашга қаратилган.
—“Land of Startups” орқали биз хорижий стартапларни Ўзбекистонга жалб қилиш билан чекланиб қолмай, уларнинг маҳаллий бозорга кириши, янги ҳамкорлар топиши ва халқаро миқёсда ривожланиши учун зарур шароитларни яратишни мақсад қилганмиз. Ушбу ташаббус мамлакатимизнинг минтақавий стартап хаби сифатидаги мавқеини мустаҳкамлашга хизмат қилади, — дейди “IT Park Узбекистан” бош директори Азамат Караматов.
Инвестициялар “IT Park Узбекистан” дирекцияси ҳузуридаги венчур жамғармаси томонидан лойиҳалар чуқур ўрганиш жараёнидан ўтказилгач ажратилади.
Танловда Ўзбекистондан ташқарида рўйхатдан ўтган ёки фаолият юритаётган, уч нафардан ортиқ аъзога эга халқаро стартап жамоалари иштирок этиши мумкин. Аризалар startupbase.uz платформаси орқали 30 июнгача бепул қабул қилинади.
Июль ойида халқаро экспертлар лойиҳаларни баҳолайди. Сараланган жамоалар 20 августдан 1 ноябргача давом этадиган “Soft Landing” дастурида қатнашиб, Ўзбекистон бозорига кириш, маҳаллий ҳамкорлар билан алоқалар ўрнатиш ва бизнесини ривожлантириш имкониятларига эга бўлади.
Танловнинг якуний босқичи — Demo Day 15 декабргача ўтказилиши режалаштирилган. Унда энг истиқболли лойиҳалар инвесторлар ва венчур жамғармалари вакилларига тақдим этилади.
Мазкур ташаббус халқаро технологик ҳамкорликни кенгайтириш, янги инновацион ечимларни мамлакатга олиб кириш ҳамда Ўзбекистонда рақобатбардош стартап экотизимини шакллантиришга хизмат қилади.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА