Ўзбекистон журналистлар уюшмаси 35 та “Маҳорат мактаби”ни ташкил этди
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси янги ташаббус билан чиқди. Хусусан, республика худудларида 35 та таниқли журналистнинг “Маҳорат мактаби” иш бошлади.
Мазкур саъй-ҳаракат Уюшма Уставида белгиланган устувор вазифаларни амалга ошириш мақсадида амалга оширилди. Ўзига хос ижод мактабини яратган журналистлар тажрибасини оммалаштириш, “Устоз-шогирд” анъаналарини қўллаб-қувватлаш, “Маҳорат мактаблари”ни ташкил этиш ҳамда рағбатлантириб бориш Уюшма фаолиятининг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади.
Шунингдек, ёш журналистлар билан мунтазам иш олиб бориш, уларнинг касб маҳорати ошишига кўмаклашиш ва ана шу мақсадда турли клублар ва тўгараклар ташкил этиш ҳам ушбу жамоат ташкилотининг дастурий вазифалари сирасига киради.
20 та “Маҳорат мактаби” фаолияти Уюшманинг ҳудудий бўлимлари томонидан мувофиқлаштирилади. 15 таси эса пойтахтда – Уюшманинг марказий аппарати қошида иш олиб боради. Масалан, Тошкент шаҳрида устоз журналистларнинг маҳорат сабоқлари Ўзбекистон Миллий матбуот марказида, Контент марказида ва таҳририятларда олиб борилади.
Бунинг учун зарур шароитлар яратилади. Уюшма томонидан “Маҳорат мактаби”ни бошқарган ижодкорларни рағбатлантириб бориш чоралари кўрилади. Сабоқлар интернет журналистикаси, босма матбуот, телевидение, радио, ҳуқуқий журналистика, спорт журналистикаси, фотожурналистика каби йўналишларда олиб борилади. “Маҳорат мактаблари”га журналистика йўналишида таҳсил олаётган талабалар, соҳага қизиқувчи ёшлар жалб этилади ва сабоқлар якунида иштирокчиларга сертификат берилади.
Айтиш керакки, Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг бу ташаббуси журналистларнинг янги авлодини тайёрлаш борасида бошланган тизимли фаолиятнинг узвий қисмидир. Келгусида мазкур йўналишдаги амалий ишлар турли танловлар ва лойиҳалар орқали изчил давом эттирилади.
ЎзА