Журналистик таълим: амалиёт, ислоҳот ва истиқбол
Мамлакатимизда ахборот технологияларининг жадаллик билан тараққий этиши бугун бевосита интернет ва ижтимоий тармоқлар билан боғлиқ, десак муболаға бўлмайди. Ҳозирги кунда интернет ва ижтимоий тармоқлар тезкорлиги, аудиторияси ва таъсир доираси кенглиги билан бошқа оммавий ахборот воситаларидан ажралиб туради. Хусусан, буни интернетнинг ўзбек сегментидаги ахборот сайтларининг сони йилдан йилга ортиб бораётганида ҳам кўриш мумкин.
Дарҳақиқат, бугунги рақамли асрда янги тенденциялар пайдо бўлаётгани ҳеч биримизга сир эмас. Бундай вазиятда янгиланишларга тез мослаша оладиган, қобилиятли, дунёқараши кенг, профессионал журналист кадрларга бўлган эҳтиёж ҳам ортмоқда. Ҳозиржавоб ва креатив фикрловчи кадрлар, жумладан, профессионал журналистларни тайёрлашда эса Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети фаолияти муҳим аҳамият касб этмоқда.

Университет 2018 йил 24 май куни расман очилган. Ўтган даврда ёш университет катта марраларни забт этди. Айни пайтда бу даргоҳда 6 минг нафар талаба таҳсил олмоқда. Онлайн медиадаги бугунги эҳтиёждан келиб чиқиб университетда 2019-2020 ўқув йилидан бошлаб Интернет журналистика ва ижтимоий тармоқлар факультети ҳамда унинг қошида “Рақамли медиа ва интернет журналистика” кафедраси иш бошлади. Шунингдек, бугунги рақамли асрда маркетинг ва иқтисодий журналистикада янги тенденциялар пайдо бўлмоқда. Бундай вазиятда янгиланишларга тез мослаша оладиган, қобилиятли, дунёқараши кенг, профессионал иқтисодчи, журналист, маркетолог каби кадрларга эҳтиёж ортмоқда. ЎзЖОКУда 2022-2023 ўқув йилидан бошлаб фаолият юритаётган “Медиаменежмент ва медиамаркетинг” кафедраси иқтисодиёт ва медиа оламда эҳтиёж кўп бўлган бундай кадрларни тайёрлашга хизмат қилмоқда.
“Медиамаркетинг ва реклама”, “Медиаменежмент”, “Иқтисодий журналистика” ҳамда “Медиадизайн” йўналишида таҳсил олаётган талабаларга халқаро стандартлар асосида яратилган бир қатор замонавий фанлар доирасида ҳам назарий, ҳам амалий билим бериляпти.
Университетнинг халқаро ҳамкорлик дастурлари доирасида бир қатор нуфузли хорижий олий таълим муассасалари билан ўқув жараёнини ташкил этиш йўлга қўйилган. Айнан шу халқаро ҳамкорлик доирасида жорий ўқув йилидан “Рақамли медиа ва интернет журналистика” ҳамда “Медиаменежмент ва маркетинг” кафедраларида Американинг Техаc университети профессори Равипракаш Дани дарс жараёнларига жалб этилди. Бундан ташқари, ҳар бир йўналиш кесимида амалиётчилар томонидан мунтазам равишда маҳорат дарслари ўтказиб борилади. Дарсларга Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзА, “Анадолу” ахборот агентлиги, “Kun.uz”, “Gazeta.uz”, Nur.uz нашрлари мухбир ва муҳаррирлари жалб этилади.

Маркетинг ва дизайн йўналишида ҳам соҳа мутахассислари билан доимий амалий маҳорат дарслари ташкил этиб борилади. Айнан шу ҳамкорликлар доирасида факультет талабалари республикамизда энг кўзга кўринган - ЎзА, “Дунё” ахборот агентликлари, “Kun.uz”, “Daryo.uz”, “Uz24.uz”, “Anhor.uz”, “Xabar.uz”, “Qalampir.uz” каби интернет нашрлари ҳамда “Promeat”, “PDP University”, “Asaxiy Books”, “Севимли ТВ” каби корхона ва ташкилотларда амалиёт машғулотларини ўтамоқда. Энг аҳамиятли жиҳати шундаки, талабаларнинг 80 фоизи амалиёт ўташ жараёнида ўз иш ўрнига ҳам эга бўлмоқда.
Интернет журналистика ва медиаменежмент факультети “Рақамли медиа ва интернет журналистика” кафедраси қошида ташкил этилган фотолаборатория, ZarraLab мултимедиа лабораторияси, Medium ҳамда “Ёш маркетологлар” тўгараклари талабаларнинг малака ва кўникмаларини оширишга хизмат қилмоқда.
2024-2025 ўқув йилдан бошлаб “Сунъий интеллект интеграцияси” ва “Медиада янги трендлар” фанларини ўқитиш йўлга қўйилмоқда. Янги ўқув йилидан эса Интернет журналистика ва медиаменежмент факультетини янада кенгайтириш мақсадида янги таълим йўналиши ва таълим шаклини ташкил этишни режалаштирганмиз. Менежмент, яъни бошқарув соҳасининг ўзи катта тармоқ ҳисоблангани боис унинг ҳар бир йўналишида кадр тайёрлаш ҳам мақсад қилинган. Айни вақтда факультетнинг ҳар бир йўналиши бўйича халқаро ҳамкорликни янада ривожлантириш, хорижий талабалар сафини кенгайтириш, академ мобиллик бўйича талабаларни университетга жалб этиш борасида алоҳида ишлаш механизми ташкил этилган.
О. Зокирова,
ЎзЖОКУ Интернет журналистика ва
медиаменежмент факультети декани, ф.ф.ф.д (PhD) доцент,
ЎзА