Ўзбекистон ядровий инфратузилмаси ХАЭА экспертлари эътиборида
“Ўзатом” агентлигида Халқаро атом энергияси агентлигининг миллий ядровий инфратузилмани комплекс баҳолаш (INIR) бўйича иккинчи босқич кузатув миссияси ўз ишини давом эттирмоқда.
Миссия доирасида Ўзбекистоннинг атом энергетикаси дастурини амалга ошириш жараёни, бу борада эришилган натижалар ҳамда устувор вазифалар атрофлича таҳлил қилинди. Учрашувлар давомида ХАЭА экспертлари томонидан билдирилган саволларга “Ўзатом” агентлиги ва АЭС қурилиши дирекцияси вакиллари томонидан батафсил маълумотлар тақдим этилди.
Муҳокамалар марказида радиациявий хавфсизликни таъминлаш, миллий электр тармоқларини ривожлантириш ва атом соҳаси учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш масалалари ўрин олди. Хусусан, радиологик мониторинг тизимларини такомиллаштириш, соҳадаги давлат назорати механизмларини мустаҳкамлаш ҳамда энергия инфратузилмасини модернизация қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар кўриб чиқилди. Шу билан бирга, бўлажак атом электр станциясини мамлакат энергетика тизимига интеграция қилишга қаратилган тайёргарлик жараёнлари ҳам муҳокама этилди.
Кадрлар салоҳиятини ривожлантириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Экспертлар томонидан ядровий энергетика соҳаси учун мутахассислар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ижобий баҳоланди. ХАЭА билан ҳамкорликда ташкил этилган таълим дастурлари, шунингдек, соҳада фаолият юритувчи ташкилотларда зарур кадрлар захирасини шакллантириш борасидаги ишлар муҳим аҳамиятга эга экани қайд этилди.
Шунингдек, жамоатчилик билан мулоқотни йўлга қўйиш, атроф-муҳит муҳофазаси ва ядровий жисмоний хавфсизликни таъминлаш масалалари ҳам муҳокамаларнинг муҳим қисми бўлди. Фориш туманида ўтказилган жамоатчилик эшитувлари натижалари, аҳолини хабардор қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳамда қурилиш жараёнига маҳаллий контентни кенг жалб этишга қаратилган ёндашувлар юқори баҳоланди.
Эътиборлиси, Ўзбекистоннинг ХАЭА талаб ва стандартларига мувофиқ ядровий инфратузилмани шакллантириш, жисмоний ҳимоя тизимини такомиллаштириш ҳамда халқаро ҳамкорликни кенгайтириш борасида олиб бораётган саъй-ҳаракатлари экспертлар томонидан муҳим ютуқ сифатида қайд этилди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА