Ўзбекистон халқаро шахмат ҳакамлари рейтингида нечанчи ўринда?
Халқаро шахмат федерацияси Самарқандда ўтадиган 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси олдидан мусобақаларни бошқариб борадиган халқаро тоифадаги ҳакамлар масаласига бағишланган FIDEнинг иккинчи кенгаш йиғилишида халқаро тоифадаги арбитрлар бўйича миллий федерациялар рейтингини эълон қилди.
Мазкур маълумотга кўра, Ўзбекистон шахмат федерацияси 100 нафар халқаро шахмат ҳакамларига эга бўлган ҳолда жаҳон рейтингида 14-ўринни банд этди.
Айтиш лозимки, бундан икки йил муқаддам, яъни 2024 йил апрель ойида мамлакатимизда 39 нафар халқаро тоифадаги арбитр фаолият кўрсатган бўлиб, ўшанда Ўзбекистон FIDE рўйхатида 39-ўринда қайд этилганди.

Сўнгги икки йил давомида халқаро тоифадаги шахмат арбитрлари сонини ошириш бўйича Ўзбекистон энг юқори ўсиш кўрсаткичига эришди.
Мамлакатимизда сўнгги йилларда шахмат мутахассислари учун ўтказилган семинарлар ва ўқув-машғулот йиғинлари, халқаро даражадаги мусобақаларнинг ортиши натижасида малакали шахмат арбитрлари ортишига, уларнинг тажрибаси юксалишига хизмат қилдики, бу, ўсиш кўрсаткичи 156,4 фоизни ташкил этишига таъсир кўрсатди.

Жорий йилнинг 15-27 сентябрь кунлари Самарқандда ўтказиладиган 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси ва пара шахмат олимпиадасининг ташкил этилиши эса халқаро тоифага эга ўзбекистонлик шахмат ҳакамлари сонининг янада ортишига ижобий таъсир кўрсатиши билан аҳамиятлидир.
Эслатиб ўтамиз, бугунгача Самарқанд олимпиадасида иштирок этадиган бир қатор мамлакатларнинг терма жамоа аъзолари, Халқаро шахмат федерацияси вакиллари юртимизга етиб келишди.
Айни кунларда Тошкент ва Самарқанд аэропортларида Спорт вазирлиги, Ўзбекистон шахмат федерацияси, Самарқанд шаҳар ҳокимлиги мутахассисларидан ташкил топган ишчи гуруҳ аъзолари 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси иштирокчиларини белгиланган дастур асосида кутиб олмоқда.
Т.Рўзиев, ЎзА