
Ватанимиз тарихидаги 30 май санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.
1184 йил (бундан 891 йил олдин) – ҳижрий 580 йил сафар ойининг ўн олтинчисида чоршанба куни қуёш ботиш чоғида мотуридия мактабининг атоқли вакили Аҳмад ибн Маҳмуд Собуний ҳаётдан кўз юмди. У Бухородаги “Ал-Қузотус-сабъа” (“Етти қози”) мақбарасида дафн этилган. Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, Нуруддин Собуний ўз асарлари билан катта шуҳрат қозонган, фиқҳ илми (мусулмон ҳуқуқшунослиги) ва мотуридия калом мактабининг ҳомийси сифатида эътироф этилган.
Унинг тўлиқ исми Аҳмад ибн Маҳмуд ибн Абу Бакр бўлиб, манбаларда “ал-Имомул-ажалл” (буюк имом), “Нуруд-дин” (дин зиёси), “Носирул-ҳақ” (ҳақ ёрдамчиси) ва ас-Собуний лақаблари билан шуҳрат қозонган. Тадқиқотчиларнинг фикрича, унинг Собуний деб аталишига совунсозлик ёки совун сотиш касби билан шуғулланиши сабаб бўлган. Нуруддин Собуний Абу Мансур Мотуридий таълимоти асосида бир неча илмий асарлар яратган. Унинг китоблари ушбу таълимотни ёйиш, унинг мураккаб томонларини шарҳлаш, мухолифлар қарашлари ва саволларига илмий жавоблар беришга бағишланган.
1869 йил (бундан 156 йил олдин) – Туркистон генерал-губернаторлиги таркибидаги Зарафшон округи бошлиғи генерал-майор Абрамов Туркистон генерал-губернатори Кауфманга еттинчи асрга оид Усмон Қуръонини Самарқанддаги Хўжа Аҳрор масжидидан олганлиги тўғрисида хабар берди. У Кауфманга бу ноёб қўлёзмани қандай қилиб қўлга киритганини ҳам батафсил баён этган. Унинг ёзишича, Самарқанд босиб олинганда руҳонийлар бу ноёб қўлёзмани Бухорога олиб кетиш мақсадида яширишган.
Бу ҳолат ҳақида генерал Абрамовга унинг айғоқчилари хабар қилишган. “Бу ажойиб ва фан учун эҳтимол қимматли қадимги қўлёзма қўлдан чиқиб кетмаслиги тўғрисида ташвишланиб, Самарқанд уезди бошлиғи подполковник Серовга қўлёзмани қўлга олиш йўлларини қидириб топишни буюрдим”, дейди Абрамов Кауфманга ёзган маълумотида. Охир-оқибат, бу муқаддас китоб Самарқанддан Петербургга олиб кетилди. Унинг юртимизга қайтариб олиб келиниши учун анча вақт керак бўлди.
1910 йил (бундан 115 йил олдин) – Ўзбекистон халқ шоири Миртемир таваллуд топди (вафоти 1978 йил). Унинг шеър ва достонларига хос хусусият шундаки, у оддий кишилар ҳаёти ва меҳнатида “шеъриятбоп” жиҳатларни, улар руҳий оламидаги гўзаллик жилваларини ўзига хос нозиклик ва закийлик билан кўради ва акс эттиради. У, вафотидан сўнг, 2002 йилда “Буюк хизматлари учун” ордени билан мукофотланган.
1919 йил (бундан 106 йил олдин) – кимёгар олим, Ўзбекистон Фанлар академияси мухбир аъзоси, Беруний номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати Ноил Абубакиров таваллуд топди (вафоти 1998 йил). Унинг раҳбарлигида юрак гликозидлари – строфантин ва узаргенлар синтез қилинди.
1991 йил (бундан 34 йил олдин) – Вазирлар Маҳкамасининг “Тошкент давлат циркига Ташкентбой Игамбердиев номини бериш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
1994 йил (бундан 31 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонига биноан ўзбек адабиётини ривожлантиришга қўшган муносиб ҳиссаси ҳамда жамоат турмушида фаол иштирок этганлиги учун ёзувчи Ҳамид Убайдуллаевич Ғуломов (Ҳамид Ғулом) Ўзбекистон Республикасининг Фахрий ёрлиғи билан мукофотланди.
1997 йил (бундан 28 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси ва Кипр Республикаси ўртасида дипломатия муносабатлари ўрнатилди.
2013 йил (бундан 12 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг «Yoshlar» телерадиоканали» ёпиқ акциядорлик жамияти ҳузуридаги «Bolajon» болалар рақамли телеканалини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2017 йил (бундан 8 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2018 йил (бундан 7 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Истиқболли бошқарув кадрларини танлов асосида танлаб олишнинг замонавий тизимини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2019 йил (бундан 6 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “«Сармишсой», «Шаҳрисабз», «Термиз» ва «Қўқон» давлат музей-қўриқхоналари фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2019 йил (бундан 6 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг топширнғига биноан, бир катор хорижий давлатлар ва халкаро ташкилотлар, шу каторда Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси ва ЮНИСЕФ кўмагида мамлакатимизнинг 156 фуқаросини, асосан, Суриядаги лагерларда, қуролли тўқнашув зоналарида бўлган аёллар ва болаларни ўз ватанига кайтариш максадида “Мехр-1” гуманитар акцияси ўтказилди. Қайтиб кслгандан кейин 142 кишига, шу жумладан, 47 аёл ва 95 болага ижтимоий нафақалар берилди. Уч бола “Мехрибонлик уйи”га, яна уч нафари “Кичкинтой” болалар уйларига жойлаштирилди.
2024 йил (бундан 1 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Жадидлар мероси давлат музейини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади, ЎзА