Ватанимиз тарихидаги 17 май санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.
1405 йил (бундан 620 йил олдин) – Ҳиротда машхур имом ва воиз мавлоно Жалолиддин Маҳмуд халлож воъиз Ҳиравий вафот этди. У Ҳиротнинг Хиёбонида дафн этилган. Тарихчи олим Фасиҳ Аҳмад Хавофийнинг қайд этишича: “У яхши ваъзлар ўқир эди, уларда катта оломон йиғилар эди. Уни Амир соҳибқирон буйруғига биноан кўчирдилар, у ўша Самарқандда кўздан ажралди. Шунда унга бошқа ваъз ўқимаслик шарти билан [Ҳиротга] жўнаб кетишга рухсат бердилар. У шу йилнинг ўзида вафот этди”.
1417 йил (бундан 608 йил олдин) – темурийлар ҳукмдори Шоҳрух Мирзо ўз саройига бундан бир неча ой олдин келган Хитой элчиларига зиёфат тузиб, инъомлар бериб, совға-саломлар тайин қилди ва элчилар юртларига қайтишга ижозат олдилар. Тарихчи олим Абдураззоқ Самарқандийнинг ёзишича, элчиларнинг бошлиқлари Би-Бочин, Ту-Бочин, Жот-Бочин ва Татқ-Бочинлар уч юз отлиқ билан бирга совға-саломлар, шунқорлар, атлас ва кимхоблар, тарғу, чинни асбоблар ва бошқалардан иборат кўп ҳадялар, шаҳзодалар ва оғолар учун эса алоҳида18 подшоҳона ҳадялар келтирган эдилар.
1875 йил (бундан 150 йил олдин) – Тошкентда ўқув ишлари бўйича бош бошқарма жорий этилди. Бошкарма ўкув ишлари бош инспектори ва девонхонадан иборат эди. Туркистон ўлкаси ўқув ишлари бўйича биринчи инспектори этиб Санкт-Петербург университети Шарқ факультети номзоди, давлат маслаҳатчиси Александр Кун сайланган. Туркистонда Ўқув ишлари бўйича бош бошқарма ташкил этилгандан сўнг рус ва маҳаллий аҳоли таълими учун мўлжалланган турли хил таълим муассасалари ташкил этила бошланди. Аввало, ўлкадаги рус аҳолиси манфаатларига хизмат қилувчи муассасалар жорий этилди.
1898 йил (бундан 127 йил олдин) – Андижон қўзғолони раҳбари Муҳаммадали эшон (Дукчи эшон) халққа мурожаат қилиб, уларни Россия империяси мустамлакачиларига қарши қўзғолон кўтаришга даъват этди. Қўзғолончилар дастлаб Андижон ҳарбий лагерига ҳужум қилдилар. Марғилон ва Ўш уездларидаги ҳарбий гарнизонларга ҳужум уюштириш эса амалга ошмай қолди. Чунки империя амалдорлари бундан хабар топиб, мудофаа учун зарур чораларни кўриб улгурдилар. Қўзғолон ҳақидаги хабарлар Наманган уезди ва Еттисув вилоятига ҳам этиб борди ва бу ердаги аҳоли томонидан қўллаб-қувватланди. Қўзғолон гарчанд империя мустамлакачилари томонидан бостирилган бўлса-да, бу озодлик курашининг ёрқин намунаси бўлиб қолди.
1908 йил (бундан 117 йил олдин) – Хива хонлиги маданиятига қизиққан туркийшунос олим Александр Самойлович шу кундан бошлаб 2 июлгача 45 кун давомида хонлик ҳудуди билан танишди. У Хива хони Муҳаммад Раҳимхон Феруз билан ҳам учрашиб, уни шундай тасвирлайди:
“...ҳозир ҳукмдор бўлиб турган Сайид Муҳаммад Раҳим иккинчи маърифатли хондир. У Хивадаги фан ва санъатнинг ҳомийси ҳисобланади ва мамлакатини илмий ўрганишимга астойдил ёрдам беришини изҳор қилди. Хива хони ҳатто ўзининг шахсий китоб хазинасига киришимга ижозат берди. Мен унинг арк ва Тозабоғдаги кутубхоналарига икки марта ташриф буюрдим. Эътиборимни асосан туркий тилдаги қўлёзмаларга каратдим. Икки марта Тозабоғдаги хон босмахонасини кўздан кечирдим”.
1921 йил (бундан 104 йил олдин) – майда саноат корхоналари ва косибчилик устахоналарини ривожлантириш ҳақида декрет қабул қилинди. Давлат корхоналари хўжалик ҳисобига ўтказилди. Бу эса корхоналарнинг ўз-ўзини молиялаштириш, ўз-ўзини бошқариш имконини берди. Хорижий инвестицияларни жалб этишга рухсат берилди. Хусусий капитал учун ҳам бир оз эркинликлар яратилди, хусусан, улгуржи-чакана савдода хусусий капиталга имкон берилди, аммо ташқи савдо ва улгуржи савдода давлат монополияси тўлиқ сақланиб қолди.
1947 йил (бундан 78 йил олдин) – Ўзбекистон халқ шоири Ҳалима Худойбердиева таваллуд топди (вафоти 2018 йил). У ўзбек шеъриятига самимий инсоний туйғу ва фазилатлар – севги ва садоқат, меҳр ва мурувватни тараннум этувчи шоира, ўзбек хотин-қизлари орзу ва армонларининг куйчиси сифатида кириб келди. Ҳалима Худойбердиева дастлабки шеърий тўпламларидан бошлаб ўз ижодида аёл ва она образларининг сеҳрли қирраларини очишга, уларнинг нафақат жамиятнинг тўлақонли ва фаол аъзолари, балки шу жамиятнинг кўрки ва безаги эканлигини уқтиришга интилди. У 2017 йилда “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан мукофотланган.
1996 йил (бундан 29 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академиясининг фаолиятини ташкил этиш масалалари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
1999 йил (бундан 26 йил олдин) – Тошкент–Самарқанд йўналишида электропоезд қатнови йўлга қўйилди. Шу куни Самарқанд вокзалига биринчи электропоезд кириб келди. Жиззахдан Самарқандгача бўлган 113 километрлик йўлни электрлаштириш туфайли йилига 500 тонна ёнилғини тежаш имконини берди, атроф-муҳитнинг ифлосланиш даражасини пасайтирди.
2001 йил (бундан 24 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонига биноан қўп йиллик самарали ижоди, ўзбек миллий мусиқа маданиятининг ривожига қўшган улкан ҳиссаси, халқимиз маънавиятини юксалтиришдаги катта хизматлари учун Ўзбекистон Республикаси халқ артисти, бастакор Мутал (Мутаваккил) Музаинович Бурхонов “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан мукофотланди.
2006 йил (бундан 19 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ногиронларни соғломлаштириш ва протезлаш миллий марказини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2007 йил (бундан 18 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Имкониятлари чекланган шахслар учун ихтисослаштирилган касб-ҳунар мактаблари фаолияти тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2022 йил (бундан 3 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тиббиёт муассасалари ходимларини моддий қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлантиришни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фамони қабул қилинди.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади, ЎзА