Ўзбекистон валюта бозорида аҳоли фаоллашди: банкларга 12,3 млрд. долларлик валюта сотилди
Ўзбекистонда ташқи меҳнат миграцияси географияси кенгайиб, хорижда ишлаётган фуқаролардан мамлакатга келаётган пул оқими сезиларли даражада ошмоқда. Шу билан бирга, аҳолининг валюта айирбошлаш операцияларидаги фаоллиги ҳам кучайган. Бу жараёнлар ички валюта бозорида аҳоли шакллантираётган таклифнинг аҳамияти ортиб бораётганини кўрсатмоқда.
Марказий банк маълумотларига кўра, 2026 йилнинг январь–июнь ойларида хориждан Ўзбекистонга келиб тушган халқаро пул ўтказмалари 9,3 млрд. долларни ташкил этган. Бу 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 13 фоиз ёки 1,1 млрд. долларга кўп. Ярим йиллик ҳисобда ҳар ойга ўртача 1,55 млрд. доллар атрофида маблағ Ўзбекистонга кириб келган. Бу маблағлар, асосан, хорижда меҳнат қилаётган юртдошларнинг оила аъзоларига юборган пуллари ҳисобига шаклланган.
Ўзбекистонга пул ўтказмалари ҳануз анъанавий меҳнат миграцияси мамлакатлари — Россия, Қозоғистон, Жанубий Корея ва Туркиядан катта ҳажмда келаётган бўлса-да, янги йўналишларнинг аҳамияти ошиб бормоқда. Айниқса, Ғарб давлатларидан келаётган пул ўтказмалари ўсиш суръати билан ажралиб турибди. Ҳисобот даврида Буюк Британиядан Ўзбекистонга келган пул ўтказмалари 62 фоизга, Европа Иттифоқи мамлакатларидан 27 фоизга, АҚШдан эса 19 фоизга ошган.
Европа мамлакатлари ичида Ирландиядан келган маблағлар 86 фоизга, Литвадан 18 фоизга, Нидерландиядан эса 7 фоизга кўпайган. Бу рақамлар муҳим тенденцияни кўрсатади: Ўзбекистон ташқи меҳнат миграцияси фақат анъанавий йўналишлар билан чекланиб қолмаяпти.
Миграция агентлиги маълумотларига кўра, ҳозир Ўзбекистоннинг ташкилий ташқи меҳнат миграцияси бўйича 23 та давлат билан 48 та, шундан 2025–2026 йилларда 14 та давлат билан 18 та ҳукуматлараро ва идоралараро ҳамкорлик келишувлари тузилган. Бундан ташқари, 36 та давлатдаги 325 дан ортиқ йирик иш берувчи ва рекрутинг компаниялари билан ҳамкорлик йўлга қўйилган.
Германия, Буюк Британия, Италия, Испания, Швеция, Франция, Болгария, Руминия, Словакия, Словения, Сербия, АҚШ ва Япония истиқболли меҳнат бозорлари қаторида кўрилмоқда. Айниқса, АҚШ, Италия, Швеция, Франция ва Словениянинг янги йўналиш сифатида қўшилгани меҳнат миграцияси географияси диверсификацияланаётганини англатади.
Жорий йилда 124,5 минг нафар фуқаро хорижда юқори даромадли иш ўринларига жойлаштирилган. Бугун 40 га яқин давлатда тахминан 1,4 млн. нафар Ўзбекистон фуқароси меҳнат қилаётгани ҳам ташқи меҳнат миграциясининг мамлакат иқтисодиётидаги аҳамияти қанчалик катта эканини кўрсатади.
Меҳнат миграциясида Россия муҳим ўринни сақлаб қолмоқда. Мамлакатда 834,2 минг нафар Ўзбекистон фуқароси меҳнат қилаётгани қайд этилган. Шу билан бирга, Қозоғистонда 84,4 минг, Туркияда 72,1 минг, Жанубий Кореяда 46,4 минг, Европа мамлакатларида 258 минг ва бошқа давлатларда 97,7 минг нафар юртдошимиз меҳнат қилмоқда. Эътиборли жиҳати — МДҲ давлатларининг ташқи меҳнат миграциясидаги улуши 29 фоизга қисқарган, Европа минтақасининг улуши 42 фоизга, Шарқий Осиё минтақасининг улуши эса 26 фоизга ошган.
Бу ўзгаришни фақат миграция оқимининг географик алмашинуви сифатида эмас, балки Ўзбекистон меҳнат ресурсларининг юқорироқ даромадли бозорларга чиқиш жараёни сифатида ҳам баҳолаш мумкин. Яна бир муҳим тенденция — пулларни Ўзбекистонга етказиб бериш усулларининг рақамлашиб бораётганидир.
2026 йилнинг биринчи ярмида мамлакатга келган 9,3 млрд. долларлик маблағнинг 4,3 млрд. доллари — анъанавий халқаро пул ўтказмалари тизимлари орқали, 4,8 млрд. доллари — хориждан банк карталарига тўғридан-тўғри P2P ўтказмалари орқали, 142 млн. доллари — SWIFT тизими орқали амалга оширилган. Айниқса, P2P ўтказмаларининг 32 фоизга ўсиши диққатга сазовор. Бу аҳоли орасида рақамли молиявий хизматлардан фойдаланиш кенгайиб бораётганини кўрсатади. Демак, миграция орқали шаклланаётган даромадлар оқими нафақат ҳажман, балки технологик жиҳатдан ҳам ўзгармоқда.
Мамлакатга келаётган маблағлар ҳажми катта бўлиши билан бирга, Ўзбекистондан хорижга юборилаётган пул ўтказмалари ҳам ўсган. 2026 йил январь-июнь ойларида Ўзбекистондан чет элга 1,3 млрд. доллар пул ўтказилган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 8 фоизга ёки 100 млн. долларга кўп. Шундай қилиб, мамлакатга келган ва хорижга чиқарилган пул ўтказмалари ўртасида 8 млрд. долларлик ижобий фарқ шаклланган. Бу фарқ аҳоли даромадлари, ички истеъмол, жамғариш ва валюта бозоридаги таклиф нуқтаи назаридан муҳим иқтисодий аҳамиятга эга.
Пул ўтказмалари билан бир қаторда аҳолининг валюта айирбошлаш операцияларидаги фаоллиги ҳам кескин ошган. 2026 йилнинг биринчи ярмида банклар ва жисмоний шахслар ўртасидаги хорижий валюта олди-сотди операциялари умумий айланмаси 19,1 млрд. долларни ташкил этди. Бу 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 31 фоиз ёки 4,5 млрд. долларга кўп. Шундан банклар жисмоний шахслардан 12,3 млрд. долларлик хорижий валютани сотиб олган. Бу бир йилда 35 фоизлик ўсишни англатади.
Аҳолига сотилган хорижий валюта ҳажми эса 6,8 млрд. долларни ташкил этиб, 26 фоизга ошган. Натижада банклар томонидан аҳолидан сотиб олинган валюта ҳажми аҳолига сотилган валютадан 5,5 млрд. долларга кўп бўлган. Бу кўрсаткич 2025 йилнинг мос даврида 3,7 млрд. доллар эди. Мазкур ҳолатнинг яна бир муҳим жиҳати аҳолининг ички валюта бозоридаги соф валюта таклифини ошираётганидир.
Жисмоний шахслар сегментида шаклланган соф валюта таклифининг жами валюта айирбошлаш айланмасига нисбати 2025 йил биринчи ярмидаги 26 фоиздан 2026 йилда 29 фоизга кўтарилган. Бу рақам аҳолининг валюта бозоридаги роли ортиб бораётганини кўрсатади. Бунда хорижда меҳнат қилаётган фуқаролардан келаётган маблағларнинг ички бозорга кириб келиши муҳим омиллардан бири ҳисобланади. Аҳоли қўлига келиб тушган хорижий валюта кейинчалик банкларда сўмга айирбошланиши натижасида ички валюта бозорида қўшимча таклиф пайдо бўлади.
Аҳолининг валюта операцияларида рақамли каналлардан фойдаланиши ҳам сезиларли даражада кенгайган. 2026 йил биринчи ярмида валюта айирбошлаш операцияларининг, 59 фоизи –11,2 млрд. доллар валюта айирбошлаш шохобчалари орқали, 39 фоизи – 7,5 млрд. доллар онлайн хизматлар орқали, 404 млн. доллари эса 24/7 режимида ишловчи валюта банкоматлари орқали амалга оширилган. Онлайн каналлардаги операциялар ҳажми бир йилда 27 фоизга, валюта банкоматлари орқали амалга оширилган операциялар эса 61 фоизга ўсган.
Бу аҳолининг валюта билан боғлиқ хизматларда ҳам анъанавий банк филиалларидан рақамли платформаларга ўтаётганини кўрсатади. Глобал меҳнат бозоридаги демографик ўзгаришлар Ўзбекистон учун янги имкониятлар яратмоқда. Европада аҳолининг қариши ва меҳнатга лаёқатли аҳоли улушининг қисқариши келгуси йилларда ишчи кучи тақчиллигини кучайтириши кутилмоқда. Шу сабабли тиббиёт, парваришлаш, муҳандислик, қурилиш, транспорт-логистика, қишлоқ хўжалиги, IT, туризм ва хизмат кўрсатиш соҳаларида ташқи меҳнатга талаб ортиши мумкин. Япония, Жанубий Корея, Германия, Буюк Британия ва Форс кўрфази давлатларида ҳам муайян касблар бўйича кадрларга эҳтиёж юқори бўлиши прогноз қилинмоқда. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон учун меҳнат миграциясининг келажаги фақат фуқароларни хорижга ишга юбориш билан чекланмаслиги керак. Тил билими, касбий малака, рақамли кўникмалар ва халқаро сертификатларга эга мутахассисларни тайёрлаш асосий вазифалардан бирига айланади.
Бир сўз билан айтганда, 2026 йилнинг биринчи ярмидаги рақамлар Ўзбекистон иқтисодиётида ташқи меҳнат миграцияси ва пул ўтказмаларининг аҳамияти сақланиб қолаётганини кўрсатмоқда. Бир томондан, мамлакатга 9,3 млрд. доллар пул ўтказилиши аҳоли даромадлари ва ички талабни қўллаб-қувватламоқда. Иккинчи томондан, ушбу маблағларнинг бир қисми валюта бозорига кириб, аҳолидан банкларга соф валюта таклифини оширмоқда.
Энг муҳими, миграция географияси ўзгаряпти, Россия ва бошқа анъанавий бозорлар билан бир қаторда Европа, АҚШ ва Осиёнинг ривожланган давлатлари билан меҳнат ҳамкорлиги кенгаймоқда. Демак, келгуси босқичда асосий вазифа кўпроқ мигрант юбориш эмас, балки юқори даромадли халқаро меҳнат бозорларига рақобатбардош мутахассисларни чиқариш бўлиши керак. Бу эса узоқ муддатда пул ўтказмалари ҳажмини ошириш билан бирга, Ўзбекистон инсон капитали ва экспорт салоҳиятини ҳам кучайтириши мумкин.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА