Жорий йилнинг 14–20 июль кунлари Хитой халқ республикасида халқаро медиа форум бўлиб ўтади.
"Матбуотнинг кучи: цивилизациялараро мулоқот ва глобал модернизацияга журналистларнинг таъсири" мавзусида бўлиб ўтадиган форумда элликта мамлакатдан 100 нафар медиа вакили ва соҳа ташкилотлари масъуллари иштирок этиши кутилмоқда.
Дастур доирасида "Цивилизациялар ўртасидаги диалог", "Журналистикада сунъий интеллект" каби долзарб йўналишларда давра суҳбатлари ташкил этилади. Давлатлар медиа вакиллари ўзаро ҳамкорлик ўрнатади, тажриба алмашади.
Шунингдек, форум қатнашчилари экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш каби соҳаларда юз бераётган сўнгги янгиликлар билан таништирилади.
Халқаро форумда Ўзбекистон томонидан Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси вазифасини бажарувчи Холмурод Салимов ҳамда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (ЎзА) Сиёсат ва янгиликлар таҳририяти бош муҳаррири Аслиддин Суюнов иштирок этади.
ЎзА