Ўзбекистон вакиллари Масқатдаги халқаро бағрикенглик форумида иштирок этди
Жорий йилнинг 15-16 ноябрь кунлари Ўмон Султонлигининг Масқат шаҳрида камситиш ва зўравонликнинг олдини олиш, шунингдек, ўзаро мулоқот, бағрикенглик ва тинч-тотувликни кенг тарғиб қилишда амалий ёндашувларни ишлаб чиқиш мақсадида халқаро форум бўлиб ўтди.
"Hilton Muscat Al Bandar" мажмуасида ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков ҳам иштирок этди.
Маълумки, 16 ноябрь Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан Халқаро бағрикенглик куни сифатида белгиланган. Форумнинг айнан шу санада ташкил этилгани ўзаро ҳурмат, бағрикенглик ва тинч-тотув яшаш қадриятларини мустаҳкамлаш йўлида муҳим майдон бўлиб хизмат қилди.

Мазкур халқаро форум Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Геноциднинг олдини олиш ва ҳимоя қилиш масъулияти бўйича бошқармаси (UNOSAPG), Ўмон Султонлиги Вақф ва диний ишлар ҳамда Ташқи ишлар вазирликлари, шунингдек, "Дин ва анъанавий тинчликпарварлар тармоғи" (The Network for Religious and Traditional Peacemakers) ҳамкорлигида ташкил этилди.
Халқаро форумда жаҳоннинг турли мамлакатларидан ташриф буюрган нуфузли уламолар, диний ва анъанавий етакчилар, давлат идоралари вакиллари, шунингдек, БМТ ҳамда бошқа халқаро ташкилотлар масъуллари иштирок этди. Тадбир давомида тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашда халқаро ҳамкорликнинг аҳамияти, жамиятда бағрикенглик тамойилларини кенг тарғиб этишда диний етакчилар ва оммавий ахборот воситаларининг ўрни каби долзарб масалалар юзасидан қатор сессиялар ва юқори савиядаги мулоқотлар ташкил этилди.

Бундан ташқари, форум доирасида Ўзбекистон делегацияси аъзолари хорижий мамлакатлардан келган таниқли уламолар, диний соҳа вакиллари ҳамда мутахассислар билан қатор учрашувлар ўтказди. Ўзаро ҳурмат ва самимийлик муҳитида кечган суҳбатларда диний-маърифий йўналишдаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, Ислом динининг асл инсонпарварлик ғояларини кенг тарғиб қилиш, шунингдек, замонавий даврда юзага келаётган долзарб масалаларга ечим топиш борасида фикр ва тажриба алмашилди.
Ҳамроз Баёнов,
ЎзА