Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон ва жаҳон ҳамжамияти: ташабускор дипломатия, ўзаро ҳамкорликнинг кенг қамрови

2025 йил глобал сиёсий жараён жадаллашган, халқаро муносабатларда янги ёндашувлар шаклланаётган давр сифатида намоён бўлди. Шундай мураккаб геосиёсий шароитда Ўзбекистон ташқи сиёсати ташабускорлик, очиқ мулоқот ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик тамойили асосида изчил ривожланмоқда. Мамлакат халқаро майдонда фаол субъект сифатидаги ўрнини мустаҳкамлаб, минтақавий ва глобал барқарорликка қаратилган муҳим ташаббусларни илгари сурмоқда.

Эксперт Сайфиддин Жўраев давлатимиз ташқи сиёсатида кузатилаётган янги дипломатик йўналишлар, халқаро ҳамкорликнинг кенгайиб бораётган қамрови ҳамда жаҳон ҳамжамияти билан ўзаро ишончни мустаҳкамлашга қаратилган саъй-ҳаракатлар атрофлича таҳлил қилинади.

Маълумки, кейинги йилларда халқаро сиёсатда чуқур, тизимли ўзгаришлар кузатилмоқда. Хусусан, ривожланган давлатлар билан ривожланаётган мамлакатлар ўртасида иқтисодий, савдо, инвестициявий ва ҳарбий-технологик рақобат кучайиши ортидан геосиёсий зиддиятлар ўзига хос шаклда намоён бўлмоқда.

Бинобарин, ривожланаётган давлатлар ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг замонавий моделлари шаклланиб, ривожланган мамлакатлар билан муносабат ҳам янгича мазмун касб этмоқда. Натижада Ғарб ва Шарқнинг анъанавий муносабатлари тизимида сифат жиҳатидан янгиланиш юз бериб, Шарқда вужудга келаётган янги куч марказлари халқаро муносабатларни ҳаракатлантирувчи муҳим омилларга айланмоқда. Бу жараён жаҳон тартибида янги қонуният ва қоидаларни белгилаш билан бирга, глобал миқёсда рақобат кўлами кенгайишига ҳам сабаб бўлмоқда.

Жумладан, кўп йўналишли, кўп қиррали ташқи сиёсат туфайли Ўзбекистоннинг тизим ташкил этувчи сифатидаги мавқеи мустаҳкамланиб, халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилмоқда. Давомийлик, мунтазамлик касб этган бу жараён икки ва кўп томонлама алоқалар, ҳамкор давлат раҳбарлари ўртасида ўзаро ишонч ва мулоқотга асосланган музокаралар, маънавий самимийлик, стратегик шерикликни кенгайтирувчи ва мустаҳкамловчи янги йўналишлар кўринишида намоён бўляпти. Телефон дипломатияси, икки томонлама сиёсий-дипломатик мулоқот, парламент, иқтисодий ва ҳудудлараро дипломатия каби янги тенденциялар географияси кенгайиб бориши кузатилмоқда.

Ўз навбатида, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “юртимиз глобал масалалар муҳокама қилинадиган халқаро мулоқот майдонига айланиб бормоқда”. Бугунги кунда бу жараённинг ривожланиш тенденциясини, зарур шарт-шароит ва омилларни аниқлаш, ривожланиш стратегияси моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш ҳам амалий, ҳам таҳлилий, ҳам назарий-сиёсий аҳамиятга эга вазифа сифатида кун тартибига чиқмоқда.

Ташаббускор дипломатия – туб бурилиш нуқтаси

Ўзбекистон ташқи сиёсати ва дипломатияси амалиёти, давлатимиз раҳбарининг бу борадаги ташаббускор, фаол ҳатти-ҳаракатлари, шунингдек халқаро миқёсда содир бўлган, давом этаётган сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ҳодиса ва жараёнлар кузатуви, таҳлили, мавжуд маълумотлар, экспертлар ва мутахассисларнинг қарашлари, фикрлари, концептуал таклифлари шуни тасдиқлайдики, дунёда ўзига хос танглик, стратегик зиддиятлар чуқурлашиб бораётган бўлса-да, иккинчи томондан муаммоларни ечиш учун имконият, шарт-шароит вужудга келяпти. Шубҳасиз, ўтган йил сиёсий воқелигида Ўзбекистоннинг ривожланган давлатлар – Россия, Хитой ва АҚШ билан ўзаро манфаатли сиёсий-дипломатик алоқаларининг барқарорлиги, халқчиллиги, маънавийлиги, тизимлилиги, мунтазамлиги ва истиқболга қаратилгани сезиларли даражада намоён бўлди.

Президентимизнинг янги давр муаммолари, қоидаларини стратегик мушоҳада қилиши, англаши барча соҳалардаги тизимли ислоҳотларга кўчиб, натижалар уйғунлашмоқда. Зотан, давлатимиз етакчиси халқаро сиёсатнинг бугуни ва эртаси бўйича ўзига хос моделга асосланган стратегик ташаббусларни халқаро миқёсда илгари сурмоқда. Аслида, бу ташаббуслар замирида мамлакатимиз иқтисодий қудратини янада мустаҳкамлаш, дунёда кечаётган жараёнларда Ўзбекистон манфаатини ҳимоя қилиш ва таъминлашга қаратилган, тенглар ичида тенг бўлиш орқали халқимиз фаровонлигини таъминлаш мақсади ётибди.

Ушбу жараённи, айниқса, давлат раҳбари ғоялари ва ташаббусларини сиёсий таҳлил этиш ва моҳиятини очиб бериш, яъни бу ғоялар қандай шароитда шакллантирилди, қандай кечяпти ва қандай натижалар берди, келажакда қандай ўзгаришларга олиб келиши мумкинлигидан келиб чиқиб, илмий-таҳлилий, концептуал мулоҳазаларни шакллантириш ва кенг жамоатчиликка етказиш муҳим аҳамият касб этади. Гап шундаки, давлатимиз ички ва ташқи сиёсат самараси ўлароқ, бугунги кунда халқаро сиёсат субъектига айлангани беқиёс аҳамиятга эга. Бундай ифтихор ҳар бир фуқародан рақобатбардош сиёсий маданият, таҳлилий кўникма, юксак даражадаги ватанпарварликни, барча соҳаларда фаол ва масъулиятли бўлишни тақозо қилади.

Мунтазам мулоқот – муваффақият гарови

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2025 йил 6 ноябрь куни Вашингтон шаҳрига амалий ташрифи доирасида Оқ уйда, шунингдек, 23 сентябрь куни БМТ Бош қароргоҳида ташкилот Бош Ассамблеяси 80-юбилей сессияси доирасида Президент Дональд Трамп билан очиқ, конструктив ва дўстона руҳда музокаралар олиб борди. Мулоқотлар давомида Ўзбекистон –  АҚШ стратегик шериклигини янада кенгайтиришга доир устувор йўналишлар батафсил муҳокама қилинди.

Минтақавий ва глобал аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилди, ўзаро сиёсий мулоқотни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамда маданий-гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш зарурлиги қайд этилди. Жумладан, олий даражада эришилган келишувларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, C5+1 форматида Марказий Осиё ва АҚШ ҳамкорлигини чуқурлаштириш, қўшма лойиҳаларни илгари суришнинг институционал механизмларини яратиш ва такомиллаштириш диққат марказида бўлди.

Парламент дипломатияси

Давлат раҳбарлари ҳамда икки давлат парламентлари даражасидаги музокаралар ва келишувлар ўзаро алоқалардаги иштирокини янги мазмун билан бойитди. Мулоқотлар давомида Ўзбекистон – АҚШ стратегик шериклигини янада кенгайтириш, жумладан парламентлараро мулоқотни мустаҳкамлаш масаласи муҳокама қилиниб, парламентлараро алмашинув жадал ривожланаётгани мамнуният билан қайд этилди.

Фаол сиёсий мулоқот, идоралараро алмашинув давом этмоқда. Конгресс Сенати ва Вакиллар палатаси аъзолари Ўзбекистонга мунтазам ташриф буюрмоқда. Конгрессда ҳар йили икки мамлакат парламентлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилаётган “Ўзбекистон кунлари” ўтказиб келинмоқда.

Ўзбекистон Президенти АҚШ билан парламентлараро мулоқотни кенгайтириш муҳимлигини таъкидлади. БМТ Бош Ассамблеяси юбилей сессияси тадбирларида иштирок этиш доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 24 сентябрь куни ўзи учун ажратилган қароргоҳда АҚШ Конгресси аъзоси, Вакиллар палатасидаги “Ўзбекистон билан ҳамкорлик бўйича кокус” раиси Трент Келли ҳамда Миссисипи штати Миллий гвардияси қўмондони генерал-майор Бобби Жинни билан учрашув ўтказди. Ушбу мулоқотлар ўзига хос амалий аҳамият касб этди.

Шунингдек, 17 март куни Америка Қўшма Штатлари Конгресси аъзоси, Ўзбекистон билан ҳамкорлик бўйича парламент кокуси иштирокчиси Кэрол Миллер бошчилигидаги делегация билан стратегик шериклик ва кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Кэрол Миллер Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, жумладан иқтисодиётни модернизация қилиш, демократик институтлар, энг аввало парламентни мустаҳкамлаш, гендер тенгликни таъминлаш борасидаги ишлар натижаларини юксак баҳолади. Иқтисодий ва инвестициявий лойиҳалар, жумладан тоғ-кон, саноат, энергетика, қишлоқ хўжалиги соҳаларидаги ташаббусларни қўллаб-қувватлаш ва илгари суриш мақсадида парламентлараро ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Савдо-иқтисодий ва инвестициявий дипломатик мулоқот фаоллашуви

Ўтган йил давомида Ўзбекистон етакчиси АҚШнинг 100 дан ортиқ йирик компания ва банклари раҳбарлари билан учрашди. Музокаралар натижасида фуқаро авиацияси, тоғ-кон саноати, муҳим минераллар, молия, инновация, кимё, энергетика каби устувор йўналишларда шартномалар ҳамда истиқболли лойиҳалар портфели шакллантирилди. Ушбу лойиҳа ва келишувлар икки мамлакатда ўн минглаб янги иш ўринлари яратиши таъкидланди.

Иқтисодий ва бизнес дипломатиясининг янги қамрови

Йил давомида икки давлат раҳбарлари учрашувларида савдо-иқтисодий, инвестициявий ва бизнесни ривожлантириш масалалари энг устувор вазифалар сифатида мулоқот ва келишувларнинг марказий нуқталари бўлди. Етакчилар ишлаб чиқариш субъектлари, йирик компаниялар ҳамда бизнес вакиллари билан ўзаро фойдали алоқалар самарадорлигини ошириш юзасидан очиқ, конструктив мулоқотлар олиб борди. Шу тариқа аввал кузатилмаган улкан натижаларга эришилди.

Умуман, якунланган йил давомида Ўзбекистон – АҚШ стратегик шериклигининг амалий жиҳатларини янада мустаҳкамлаш, ўзаро манфаатли шерикликни кенгайтиришга қаратилган қадамлар кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантириш учун янги имкониятлар яратди. Икки томонлама сиёсий мулоқот ва алмашинувлар, айниқса, етакчилар даражасида фаоллашиб, мамлакатлар ўртасидаги стратегик шерикликни ривожлантиришда янги босқични бошлаб берди ва икки томонлама муносабатларни аниқ мазмун билан бойитди.

Ҳудудлар ўртасидаги ҳамкорликнинг янги механизми ишга туширилди. Ўзбекистоннинг уч вилояти делегациялари Америка штатлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида ушбу мамлакатда бўлиб, мавжуд алоқаларни янги босқичга олиб чиқишга амалий ҳисса қўшди.

Хулоса шуки, давлатлар, айниқса етакчилар ўртасидаги жадал сиёсий мулоқот, турли даражадаги делегациялар алмашинуви, парламент дипломатияси, ҳудудлараро алоқалар ва ишбилармонлик муносабатлари жадал ривожланиб бораётгани, олий даражада эришилган келишувлар ижроси таъминланаётгани Ўзбекистон – АҚШ стратегик шериклиги тарихида туб бурилиш бошланганини яққол кўрсатмоқда.

Мусулмон Зиё, ЎзА