Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги стратегик шериклик муносабатлари янада мустаҳкамланади
Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева мамлакатимизга янги тайинланган Япониянинг Фавқулодда ва мухтор элчиси Кэндзи Хирата билан учрашди.
Парламент юқори палатаси раҳбари Кэндзи Хиратани ушбу юксак лавозимга тайинлангани билан самимий табриклаб, унинг бой дипломатик тажрибаси Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги дўстлик ҳамда кенгайтирилган стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилишига ишонч билдирди.

Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги муносабатлар изчил ривожланиб бораётгани, давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси туфайли икки томонлама ҳамкорлик сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилгани алоҳида қайд этилди.
Эришилган келишувларнинг амалий ижросини таъминлаш, парламентлараро ҳамкорликни янада фаоллаштириш, ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳлар фаолиятининг самарадорлигини ошириш, ҳудудлараро алоқаларни кенгайтириш муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланди.
Учрашувда савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, маданий-гуманитар алмашинувни фаоллаштириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Сенат Раиси Япония элчисини жорий йил 14 - 15 май кунлари Бухоро шаҳрида ўтказиладиган Осиё хотин-қизлар форумига таклиф қилди. Шунингдек, жорий йил сентябрь ойида Самарқанд шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган Ёш парламент аъзоларининг 12-глобал конференцияси ҳақида маълумот берилди.
Учрашув якунида томонлар Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтиришга тайёр эканликларини тасдиқлади.
Н.Абдураимова, ЎзА