Ширинмия ўсимлиги қурғоқчил ва шўрланган ерларга мослашувчан бўлиб, ундан озиқ-овқат, косметика ва фармацевтика саноатида фойдаланиш мумкин.
Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) “Yakuzemi Informative Education Center Co.” ҳамда Ўрмон агентлиги ҳузуридаги Доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлаш илмий-ишлаб чиқариш маркази ҳамкорлигида янги лойиҳа йўлга қўйилди.
Бу “Ўзбекистонда ширинмия ўсимлигини етиштириш ва қайта ишлаш технологияларини яратиш орқали минтақавий саноатни ривожлантириш лойиҳаси” деб номланади. Лойиҳа 3 йиллик бўлиб, ширинмия ўсимлигини етиштириш ва қайта ишлашни барқарор ривожлантириш, соҳани иқтисодий жиҳатдан равнақ топтиришга мўлжалланган.
JICA томонидан лойиҳа доирасида фермерлар ва маҳаллий мутахассислар ўртасида қайта ишлаш технологиялари, сифатни баҳолаш ва бозорга чиқиш бўйича тренинглар ўтказиш режалаштирилган. Бундан ташқари, экспертларни жалб қилиш, маҳаллий салоҳиятни ривожлантириш ва тажриба алмашиш орқали Япония ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик янада ривожланади.
Ўрмон ва яшил ҳудудларни кўпайтириш, чўлланишга қарши курашиш агентлиги маълумотига кўра, лойиҳа Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманида амалга оширилади.
А.РУСТАМОВ,
ЎзА