Ўзбекистон ва Туркия: хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик янги босқичда (+видео)
Бугунги кунда жамоат хавфсизлигини таъминлаш, жиноятчиликка қарши самарали курашиш ва замонавий таҳдидларга муносиб жавоб қайтаришда халқаро ҳамкорлик алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Миллий гвардияси ҳамда Туркия Жандармерияси ўртасидаги алоқалар изчил ривожланиб, амалиётга йўналтирилган янги босқичга чиқмоқда.
Шу муносабат билан Туркия Жандармерияси делегацияси амалий ташриф билан Ўзбекистонда бўлди. Делегация аъзолари Миллий гвардия марказий девонида муносиб кутиб олинди. Ташриф доирасида икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш масалалари муҳокама қилинди.
Мулоқотлар давомида рақамлаштириш ва сунъий интеллект имкониятларидан самарали фойдаланиш, хизмат фаолиятига замонавий ёндашувларни жорий этиш, хусусан кибержиноятчиликка қарши курашиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Хусусан, “Жамоат саломатлиги ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида трансмиллий наркотаҳдидларга қарши курашиш” мавзусида Самарқанд шаҳрида ўтказилган халқаро форум ёдга олиниб, ушбу тадбир жаҳон ҳамжамиятини гиёҳвандлик иллатига қарши бирлаштиришга хизмат қилиши таъкидланди.
Учрашувлар самимий ва конструктив руҳда ўтиб, унда икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган “Йўл харитаси” имзоланди.
Ташриф дастурига мувофиқ, меҳмонлар давлатимиз раҳбари эътиборида бўлган Миллий гвардия Жамоат хавфсизлиги университетида бўлиб, мазкур муассасада йўлга қўйилган замонавий таълим тизими ва жорий этилган илғор ёндашувлар, шу жумладан курсантларни ўқитишдаги халқаро ҳамкорлик жараёнлари билан яқиндан танишди. Хусусан, замонавий тажрибага ўз вақтида эга бўлиш тизимни такомиллаштиришнинг энг муҳим босқичларидан бири экани таъкидлаб ўтилди.
Шундан сўнг меҳмонлар бугунги кунда дунё ҳамжамияти нигоҳига тушган ва Янги Ўзбекистон тараққиёти намунасига айланган пойтахтимиздаги Ислом цивилизацияси маркази, кўҳна ва боқий Самарқанд шаҳридаги Имом ал-Бухорий мажмуаси, шунингдек, дунёга машҳур тарихий обидалар ва меъморий ёдгорликлар билан танишди.
Таъкидлаш жоизки, мазкур ташриф Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва уни янги босқичга олиб чиқишда муҳим аҳамият касб этади.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/sMbte5VMdrs?si=3U79_dvg0ggbw4rf" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Н.Раҳмонова,
У.Тўхтаев (монтаж),
ЎзА