Ўзбекистон ва Туркия ўртасида критик минераллар соҳасида ҳамкорлик кенгаймоқда
Асрлар давомида умумий тарих ва қадриятлар билан чамбарчас боғланган Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги муносабатлар бугунги кунда энг юқори босқичга кўтарилди. Икки давлат ўртасидаги қардошлик ришталари эндиликда нафақат дипломатик алоқалар, балки глобал миқёсда стратегик аҳамиятга эга иқтисодий лойиҳалар орқали янада мустаҳкамланмоқда.
Хусусан, ҳамкорлик иқтисодиётнинг замонавий ва муҳим йўналиши — критик минераллар соҳасида янги босқичга чиққани билан алоҳида эътиборга лойиқ.
2025 йил якунлари икки давлат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликда юқори кўрсаткичлар қайд этилган давр бўлди.
Бугунги кунда Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги савдо-иқтисодий айланма 3 миллиард АҚШ долларидан ошди. Туркия томонидан жалб этилган инвестициялар ҳажми қарийб 10 миллиард долларни ташкил этмоқда. Ўзбекистонда 2,2 мингдан ортиқ турк капитали иштирокидаги корхоналар фаолият юритмоқда, ҳафтасига эса 100 га яқин авиақатнов амалга оширилади. Ушбу ракамлар ортида умумий қиймати 9 миллиард доллардан зиёд янги инвестиция лойиҳалари турибди.
Хозирда жаҳон иқтисодиёти “яшил энергия” ва юқори технологиялар сари жадал ўтаётган бир пайтда, критик минераллар — вольфрам, молибден, графит, литий каби ресурсларнинг аҳамияти кескин ортмоқда. Ўзбекистон ва Туркия бу йўналишда нафақат хомашё етказиб берувчи, балки тўлиқ технологик занжирни шакллантирувчи ҳамкорлар сифатида майдонга чиқмоқда.
Ўзбекистон технологик металлар комбинати 2024 йилда ташкил этилгани бу борадаги муҳим қадам бўлди. Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан тузилган мазкур тузилма бугунги кунда Туркия билан ҳамкорликда вольфрам, молибден, селен, теллур ва рений каби ноёб металларни чуқур қайта ишлаш билан шуғулланмоқда.
Шунингдек, Туркиянинг нуфузли OSTIM саноат маркази билан ҳамкорликда “Келажак металлари технопарки” ҳамда илмий-тадқиқот (R&D) марказларининг ташкил этилиши ҳамкорликнинг амалий натижаларини яққол намоён этмоқда.
Икки давлат ўртасидаги лойиҳалар аллақачон амалий босқичга ўтган. Жумладан, ODAS Enerji билан ҳамкорликда сурма эритиш заводи, Argetest компанияси билан замонавий лаборатория таҳлиллари, Sinter Metal Technologies билан эса кукунли металлургия соҳасида стратегик шериклик йўлга қўйилган.
Мазкур лойиҳалар Ўзбекистоннинг бой табиий ресурсларини Туркиянинг илғор технологиялари ва жаҳон бозорларига чиқиш имкониятлари билан уйғунлаштирмоқда.
Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги критик минераллар соҳасидаги ҳамкорлик Марказий Осиё минтақаси учун янги иқтисодий моделни шакллантирмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, икки қардош давлат ўртасидаги ушбу стратегик ҳамкорлик узоқ муддатли манфаатлар уйғунлигига асосланган бўлиб, келажакда бутун минтақанинг барқарор ривожланиши ва халқаро майдондаги рақобатбардошлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Дилдора ДЎСМАТОВА, ЎзА