Молиявий тарихга саёҳат: ўқувчилар учун унутилмас экскурсия
Бугунги кунда ўқувчиларнинг молиявий саводхонлигини юксалтириш муҳим аҳамият касб этади. "Ўзмиллийбанк" акциядорлик жамияти томонидан ўтказилаётган "Global Money Week-2026” ҳафталиги ёшларнинг иқтисодий билимини оширишга қаратилгани билан аҳамиятли бўлмоқда.
Мазкур ҳафталик мамлакатимизда кўтаринки руҳда давом этмоқда. Ҳафталик доирасида мамлакатимизда кенг кўламли маърифий тадбирлар ташкил этилиб, аҳолининг, айниқса ёшларнинг молиявий саводхонлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Мазкур ташаббус доирасида ўқувчиларнинг замонавий рақамли молиявий хизматлар бозорида онгли ва масъулиятли қарорлар қабул қилиш кўникмаларини шакллантириш, молиявий барқарорликни мустаҳкамлаш ҳамда банк хизматларидан самарали фойдаланиш маданиятини ривожлантириш мақсадида турли таълимий ва амалий тадбирлар ўтказиб келинмоқда.
[gallery-29229]
Ушбу жараёнларда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳамда 20 дан ортиқ тижорат банклари фаол иштирок этиб, ёш авлоднинг молиявий билимларини бойитишга ўз ҳиссасини қўшмоқда.
Хусусан, "Ўзмиллийбанк" акциядорлик жамияти масъул ходимлари томонидан Тошкент шаҳри Олмазор тумани 261- ҳамда Юнусобод тумани 327-сон умумтаълим мактабларининг қарийб 40 нафар ўқувчилари учун Ўзбекистон Тасвирий санъат галереясининг нумизматика бўлимига экскурсия ташкил этилди.
Экскурсия давомида ўқувчилар галерея фаолияти билан яқиндан танишиш имконига эга бўлишди.
Айниқса, нумизматика бўлимида сақланаётган қадимий тангалар, уларнинг келиб чиқиши, тарихий аҳамияти ва иқтисодий тараққиётдаги ўрни ҳақида батафсил маълумотлар берилди.
Бу эса ўқувчиларда нафақат тарихий билимларни бойитиш, балки пул муомаласи, унинг қадри ҳамда молиявий ресурслардан оқилона фойдаланиш бўйича дастлабки тушунчаларни шакллантиришга хизмат қилди.
Тадбир якунида иштирокчиларга эсдалик совғалари топширилди. Бу уларнинг ушбу экскурсиядан олган таассуротларини янада бойитишга хизмат қилди.
Н.Усмонова, Н.Ҳайдаров (сурат), ЎзА