Туркия Республикасининг Анқара шаҳрида олий молиявий назорат органи – Ҳисоб судига асос солинганининг 160 йиллиги нишонланди. Ушбу тарихий аҳамиятга эга тадбирда Туркия томонининг таклифига асосан Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси раисининг биринчи ўринбосари Б.Турабов иштирок этди.
Анқара шаҳридаги тантанали маросимда Туркия Республикасининг Президенти Режеп Таййип Эрдоған нутқ сўзлади. У Ҳисоб судини ҳуқуқий давлатнинг асосий устунларидан бири деб таърифлар экан, ушбу муассаса Туркия давлат бошқаруви тизимида муҳим ўрин тутганини таъкидлади.
Тадбир доирасида Ўзбекистон ва Туркиянинг олий молиявий назорат органлари ўртасида учрашув ва музокаралар бўлиб ўтди. Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги давлатлараро муносабатлар стратегик шериклик даражасига кўтарилганини ҳисобга олиб, томонлар ҳамкорлик форматини ҳам кенгайтириш вақти келганини қайд этди.
Учрашув давомида Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси раисининг биринчи ўринбосари Б.Турабов ва Туркия Республикаси Ҳисоб суди раиси Метин Енер ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Томонлар мустақил ташқи аудит ва давлат молиявий назоратини амалга ошириш услубияти ва тартиби соҳасида тажриба алмашиш, кадрлар малакасини ошириш соҳасида ҳамкорлик қилиш ва қўшма илмий лойиҳаларни амалга ошириш, ўзаро манфаатли мавзуларда конференция ва ўқув семинарлар ўтказиш бўйича келишувларга эришди.
Учрашувлар доирасида шунингдек, Ҳисоб палатаси раҳбарияти Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон, Португалия каби мамлакатлар олий молиявий назорат идоралари вакиллари билан учрашувлар бўлиб ўтди.
Ҳар бир мамлакат билан унинг давлат аудити соҳасидаги миллий тажрибаси ва халқаро ташкилотлардаги иштирокидан келиб чиққан ҳолда истиқболли ҳамкорлик қилиш масалалари муҳокама қилиниб, янги вазифалар белгилаб олинди.
Анқарадаги учрашувлар самимий ва дўстона руҳда бўлиб ўтди.
ЎзА