Бугун Ўзбекистонда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Халқ дипломатияси маркази томонидан Тошкент давлат шарқшунослик университети билан ҳамкорликда мамлакатимизнинг Швеция Қироллигидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси, сиёсий фанлар доктори Раҳматилла Нуримбетовнинг “Ўзбекистон ва Шанхай ҳамкорлик ташкилоти” номли монографияси тақдимоти ўтказилди.
Ўзбекистонда ШҲТ Халқ дипломатияси маркази матбуот хизмати хабар беришича, тадбир очилишида ТДШУ ректори Гулчеҳра Рихсиева ва Марказ директори Қобилжон Собиров ушбу рисоланинг илмий аҳамиятига тўхталиб, ушбу мўъжаз асар Ўзбекистоннинг ШҲТ майдонидаги муносиб ўрнини белгилашда зарур қўлланма эканини таъкидлашди. Дарвоқе, монография 2022 йил нашрдан чиққан “Ўзгараётган дунё ва Шанхай ҳамкорлик ташкилоти” китобининг узвий давоми экани ҳам эътирофга лойиқ.
Муаллиф рисоланинг асосий мазмуни ва муҳим хулосаларини баён этаркан, китобда республикамизнинг ШҲТ доирасидаги самарали фаолияти, минтақавий хавфсизликни таъминлаш, давлатлар ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлашга қўшаётган улкан ҳиссаси хусусидаги фикрлар жамланганини қайд этди. Шу билан бирга нашрдан давлатимизнинг дипломатик ташаббусларига доир маълумотлар ва илмий хулосалар ҳам ўрин олгани айтилди.
Тадбирда иштирок этган тажрибали экспертлар ҳам асар тўғрисидаги мулоҳазаларини изҳор қилишди. Жумладан, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети профессори, сиёсий фанлар доктори Эътибор Султонова монографияда ташкилот фаолияти тадқиқ қилиниб, мавзу илмий-назарий жиҳатдан шарҳлангани, мазкур тузилманинг Марказий Осиёда барқарорликни таъминлаш, кўп томонлама шерикликни рағбатлантиришдаги аҳамияти, Ўзбекистоннинг ШҲТга нисбатан стратегик ёндашуви, ҳамкорликнинг устувор йўналишлари ҳамда истиқболи таҳлил қилинганига эътибор қаратди.
ТДШУ “Халқаро муносабатлар” кафедраси мутахассислари – профессор, сиёсий фанлар доктори Сайфиддин Жўраев ва доцент Саодат Убайдуллаева ташкилотнинг минтақа хавфсизлигига оид ва чегаравий муаммоларни ҳал этиш, бугунги глобал зиддиятларга бой даврда юзага келаётган таҳдидларга қарши туришда тутган ўрни ва салоҳияти очиб берилганига урғу берди.
Илмий баҳс ва мунозараларга бой ўтган “Ўзбекистон ва Шанхай ҳамкорлик ташкилоти” монографияси тақдимоти якунида талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан жавоб олишди.
Таъкидлаш жоиз, ушбу китоб мамлакатимизнинг халқаро тузилмалар доирасидаги ўрни ва мавқеи ортиб бораётганини кўрсатувчи ўзига хос қўлланма бўлиб хизмат қилади.
Ғ.Хонназаров, ЎзА