Ўзбекистон ва Сербия: ҳамкорликнинг янги босқичи
Давлатимиз раҳбарининг Сербияга илк расмий ташрифи икки мамлакат ўртасидаги ўзаро алоқаларни кенгайтириш, янги имкониятлар эшигини очишда муҳим аҳамиятга эга бўлди. Мазкур ташриф мазмуни ва аҳамияти ҳақида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Гулчеҳра Тожибоева ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди:
— Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Сербияга тарихий ташрифи мамлакатимиз ташқи сиёсатидаги муҳим воқеалардан бири бўлиб, икки давлат ўртасидаги кўп қиррали ва ўзаро манфаатли муносабатларни янги, амалий босқичга олиб чиқиш учун мустаҳкам замин яратди.
Белградда Сербия Президенти Александр Вучич билан ўтказилган олий даражадаги музокаралар Ўзбекистон – Сербия муносабатларини янада ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаб берди. Унда сиёсий мулоқот ва парламентлараро алоқаларни мустаҳкамлаш билан бир қаторда, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, таълим, маданият, спорт, туризм ва меҳнат миграцияси соҳаларидаги ҳамкорлик масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Айниқса, савдо-иқтисодий алоқаларни янги босқичга олиб чиқиш, эркин савдо тўғрисидаги битимни ишлаб чиқиш, саноат кооперациясини ривожлантириш ҳамда янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича эришилган келишувлар алоҳида аҳамиятга эга. Бу ташаббуслар икки мамлакат иқтисодий салоҳиятидан янада самарали фойдаланиш, тадбиркорлар ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқаларни кенгайтириш ва янги инвестициявий лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш учун кенг имкониятлар яратади.
Транспорт ва логистика, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, тиббиёт, рақамли иқтисодиёт, электр техникаси, электроника, автомобиль қисмлари ишлаб чиқариш каби йўналишларда ҳамкорликни кучайтириш учун катта салоҳият мавжуд. Энг муҳими, 2026-2028 йилларга мўлжалланган саноатда шерикликни ривожлантириш бўйича қўшма ҳаракатлар режасининг қабул қилиниши мавжуд имкониятларни аниқ ва самарали лойиҳаларга айлантиришга хизмат қилади.
Бугунги мураккаб ва тез ўзгараётган халқаро шароитда давлатлар ўртасидаги муносабатларнинг мустаҳкамлиги, аввало, ўзаро ишонч, очиқ мулоқот ва амалий манфаатдорликка таянади. Шу маънода Ўзбекистон ва Сербия ўртасидаги ҳамкорликнинг иқтисодий мазмун билан бойиб бораётгани мамлакатларимиз учун янги имкониятларни очмоқда.
Ташриф доирасида парламентлараро форум ташкил этиш, ҳудудлар ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни кенгайтириш бўйича келишувларга эришилгани ҳам эътиборга молик. Зеро, парламентлар ўртасидаги мулоқот нафақат қонун ижодкорлиги соҳасида тажриба алмашиш, балки халқларимиз манфаатларига дахлдор масалаларни муҳокама қилиш, ўзаро ишончни мустаҳкамлаш ва давлатлараро келишувларнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштиришда муҳим аҳамият касб этади.
Таълим, маданият, спорт ва туризм соҳаларида қўшма тадбирларни йўлга қўйиш эса икки халқ ўртасидаги дўстлик ва ўзаро англашувни янада мустаҳкамлайди. Халқлар ўртасидаги яқин алоқалар қанчалик кенг бўлса, давлатлараро муносабатларнинг пойдевори ҳам шунчалик мустаҳкам бўлади.
Ташрифнинг яна бир муҳим йўналиши — меҳнат мобиллиги ва миграция соҳасида ҳамкорликни тизимли йўлга қўйиш. Меҳнат мобиллиги ва миграцияси тўғрисидаги битимнинг қабул қилиниши ушбу соҳада ҳуқуқий асосларни мустаҳкамлаб, фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш, тартибли ва хавфсиз меҳнат миграциясини таъминлаш борасида янги имкониятларни очади.
Эришилган келишувларни изчил ва самарали амалга ошириш мақсадида кенг қамровли “йўл харитаси” қабул қилингани эса ташрифнинг амалий аҳамиятини янада оширади. Зеро, ҳар қандай давлатлараро келишувнинг ҳақиқий самараси унинг ҳаётга қай даражада татбиқ этилиши билан белгиланади.
Парламент вакили сифатида таъкидлаш жоизки, бугунги Ўзбекистон ташқи сиёсатида мамлакат миллий манфаатлари билан бир қаторда, халқ фаровонлиги, янги иш ўринлари яратиш, инвестицияларни жалб этиш, замонавий технологияларни ўзлаштириш ва экспорт имкониятларини кенгайтириш каби аниқ мақсадлар устувор аҳамият касб этмоқда. Сербия билан ҳамкорликнинг янги босқичи ҳам ана шу мақсадларга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Умуман, Президент Шавкат Мирзиёевнинг Сербияга ташрифи икки мамлакат ўртасидаги муносабатларнинг сиёсий, иқтисодий ва гуманитар мазмунини янада бойитиб, уларни янги, амалий ва узоқ муддатли ҳамкорлик босқичига олиб чиқди. Энг муҳими, бу ташриф натижалари қоғоздаги келишувлар билан чекланиб қолмасдан, янги қўшма корхоналар, инвестициявий лойиҳалар, савдо ҳажмининг ўсиши, янги иш ўринлари ва халқларимиз учун янги имкониятларда ўз ифодасини топиши керак. Ана шунда бу тарихий ташрифнинг ҳақиқий амалий самараси янада яққол намоён бўлади.
Муҳтарама Комилова ёзиб олди, ЎзА