Ўзбекистон ва Россия ахборот агентликлари ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга тайёр
Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (ЎзА) ва Россиянинг ТАСС ахборот агентлиги ташкилотчилигида III Ўзбекистон – Россия медиа форуми бўлиб ўтмоқда.
Форумнинг очилиш маросимида ЎзА бош директори, сенатор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Абдусаид Кўчимов икки мамлакат етакчи оммавий ахборот воситалари вакилларини қутлаб, медиа ҳамкорликни ривожлантиришнинг аҳамияти ҳақида сўз юритди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги муносабатлар бугун изчил ривожланмоқда. Бу жараёнда давлатлараро алоқа ва иқтисодий лойиҳалар билан бир қаторда халқ, жамият ва касбий ҳамжамиятлар ўртасидаги мулоқот ҳам муҳим ўрин тутади. Айниқса, оммавий ахборот воситалари икки мамлакат аҳолисини бир-бирига яқинлаштириш, ўзаро тушунишни мустаҳкамлашда кенг имкониятга эга.
Бугун ахборот агентликлари фаолиятига талаб ўзгарган. Илгари тезкор хабар тарқатиш асосий вазифа эди, ҳозир бу етарли эмас. Аудитория ҳодиса ҳақидаги хабар билан бирга воқеанинг сабаби, мазмун-моҳияти ва одамлар ҳаётига таъсирини ҳам билишни истайди. Шу боис замонавий журналистикада таҳлил, кенг контекст, қизиқарли ҳикоя ва сифатли визуал материал ҳам муҳим.
ЎзА раҳбари Агентлик фаолиятида ҳам айни ёндашув устувор эканини қайд этди. Кейинги йилларда агентлик халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, ахборот майдонидаги иштирокини ошириш ва такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Асосий мақсад фақат воқеаларни ёритиш эмас, балки ўқувчига мамлакатимиз ва хорижда кечаётган жараёнлар ҳақида мазмунли тасаввур беришдир.
Бу борада Россиялик ҳамкасблар билан ҳамкорлик икҳим ўрин тутади. Кўп йиллик касбий алоқалар ўзаро ҳурмат ва ишончга асосланган барқарор шерикликка айланган. Томонлар қўшма лойиҳалар амалга ошириб, ахборот материаллари алмашиб, журналистлар учун учрашув, семинар ва тренинглар ташкил этиб келмоқда.
Жумладан, ЎзА журналистлари Россияда ўтказиладиган йирик халқаро тадбирлар, хусусан Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форуми, “Россия – Ислом олами: ҚозонФорум” ва бошқа нуфузли майдонларни мунтазам ёритиб боради. Бундай иштирок нафақат воқеаларни жойидан туриб ёритиш, балки соҳа мутахассислари билан мулоқот қилиш, янги иш усулларини ўрганиш ва касбий алоқаларни мустаҳкамлаш имконини ҳам беради.
ЎзА бош директори кўп йиллик ҳамкорлик, касбий очиқлик ва янги ташаббусларга доимо тайёрлиги учун ТАСС бош директори Андрей Кондрашов ва агентлик жамоасига миннатдорлик билдирди.
Шунингдек, икки агентлик ўртасидаги ҳамкорлик салоҳияти ҳали тўлиқ ишга солинмагани таъкидланди. Хусусан, мавжуд ахборот ва визуал материаллардан фаолроқ фойдаланиш, махсус қўшма медиа лойиҳалар тайёрлаш орқали икки мамлакат ҳаётини янада кенгроқ ёритиш мумкин.
ЎзА Россиялик ҳамкасблар билан бирга Ўзбекистонда тасвирга олиш ишларини йўлга қўйиш, интервьюлар ташкил этиш, зарур ахборот материаллари тақдим қилиш, таҳририятлар ўртасидаги бевосита алоқаларни ривожлантиришга тайёр. Бундай ташаббусларга мунтазам тус бериш, медиа форумни эса доимий касбий мулоқот майдонига айлантириш таклиф этилди.
Форум иштирокчиларига мурожаат қилар экан, Абдусаид Кўчимов бу учрашув янги танишув, мазмунли муҳокама ва аниқ қўшма ташаббусларга туртки беришини билдириб, икки мамлакат халқлари бир-бирини янада яқинроқ таниши, ҳамкорлик учун янги имконият топиши муҳимлигини таъкидлади. Тадбир иштирокчиларига эса самарали мулоқот йўлида белгиланган режалари муваффақиятли амалга ошишини тилади.
Дилшод Ҳакимов,
Фарҳод Абдурасулов (сурат),
ЎзА