Ўзбекистон ва Қозоғистон чегарасида интеллектуал божхона постлари ишга туширилади
“Ғишткўприк” – “Жибек жоли” чегара ўтказиш пунктларида амалга оширилаётган кенг кўламли модернизация ишлари икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни янада фаоллаштириш, транзит салоҳиятини ошириш ва чегара назоратини замонавий талаблар асосида ташкил этишга хизмат қилади. Замонавий рақамли технологиялар билан жиҳозланган янги божхона инфратузилмаси фуқаролар ва тадбиркорлар учун янада қулай ҳамда тезкор хизмат кўрсатиш имкониятларини яратади.
Ўзбекистон Республикаси Божхона қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Ғайрат Насиров ҳамда Қозоғистон Республикаси Давлат даромадлари қўмитаси раиси Жандос Дуйсимбиев бошчилигидаги делегациялар “Ғишткўприк” – “Жибек жоли” чегара ўтказиш пунктларида амалга оширилаётган қурилиш ва модернизация ишларининг бориши билан танишди.

Дастлаб меҳмонлар мамлакатимизда тўлиқ янгидан барпо этилган “Ғишткўприк” чегара божхона пости фаолиятини кўздан кечирди. Кейинги йилларда Президент раҳбарлигида чегара инфратузилмасини модернизация қилиш, уни халқаро стандартларга мослаштириш, ўтказувчанлик салоҳиятини ошириш ва рақамли технологияларни кенг жорий этишга қаратилган изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ана шу ишлар натижасида “Ғишткўприк” нафақат янги қиёфа касб этди, балки интеллектуал божхона мажмуаси сифатида фаолият юритиш имкониятига эга бўлди.
Мажмуада автоматлаштирилган назорат тизимлари, юқори аниқликдаги инспекцион-сканерлаш ускуналари, хавфларни бошқаришнинг замонавий механизмлари ва илғор ахборот-коммуникация технологиялари жорий этилган. Бу эса чегара орқали ҳаракатланувчи фуқаролар, транспорт воситалари ва товарларни тезкор ҳамда шаффоф тарзда назоратдан ўтказиш, расмийлаштирув жараёнларини сезиларли даражада соддалаштириш имконини беради.

Ташриф давомида делегация аъзолари мазкур постга туташ Қозоғистон Республикасининг “Жибек жоли” божхона постида амалга оширилаётган қурилиш ишларини ҳам кўздан кечирди. Ушбу мажмуа ҳам замонавий муҳандислик ечимлари ва рақамли бошқарув технологиялари асосида барпо этилмоқда.
Музокаралар чоғида икки мамлакат божхона хизматлари ўртасидаги амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш, товарлар ва транспорт воситалари бўйича электрон маълумотлар алмашинувини ривожлантириш, қўшма рақамли ечимларни жорий этиш ҳамда чегара назорати самарадорлигини ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Қайд этилганидек, “Ғишткўприк” ва “Жибек жоли” постларининг тўлиқ ишга туширилиши икки давлат ўртасидаги ташқи савдо ҳажмини ошириш, транзит ташувларини жадаллаштириш, логистика йўлакларининг рақобатбардошлигини кучайтириш ҳамда чегарадан ўтиш жараёнларини янада қулайлаштиришга хизмат қилади.
Ш.Маматуропова, ЎзА