Ўзбекистон ва Қирғизистон парламентлари амалий ҳамкорликни янада кенгайтиради
Қирғиз Республикаси пойтахти Бишкек шаҳрида Туркий давлатлар парламент ассамблеяси (ТуркПА)нинг XV ялпи мажлиси бўлиб ўтди.
Мазкур тадбир доирасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева Қирғиз Республикаси Жогорку Кенеши Тўрағаси Марлен Маматалиев билан учрашди.
Учрашувда ўзбек ва қирғиз халқларини асрлар давомида шаклланган қардошлик ва яхши қўшничилик ришталари, муштарак тарих, тил, маданият, анъана ва урф-одатлар бирлаштириб туриши қайд этилди. Ушбу тарихий яқинлик бугунги кунда икки мамлакат ўртасидаги дўстона муносабатларни ривожлантириш ва кўп қиррали ҳамкорликни чуқурлаштириш учун мустаҳкам замин бўлиб хизмат қилмоқда.
Давлат раҳбарларининг ўзаро ишончга асосланган мулоқоти, қатъий сиёсий иродаси ва биргаликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли икки томонлама муносабатлар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди. Илгари мавжуд бўлган айрим мураккаб масалаларнинг ўзаро англашув ва конструктив мулоқот асосида ҳал этилиши стратегик шериклик ва иттифоқчиликни янада ривожлантириш учун кенг имкониятлар очди.
М. Маматалиев Ўзбекистон парламент делегациясининг ТуркПА XV ялпи мажлисидаги фаол иштироки учун миннатдорлик билдирди.
Т. Норбоева эса анжуман юқори савияда ташкил этилганини эътироф этиб, самимий қабул ва кўрсатилган меҳмондўстлик учун ташаккур изҳор этди.

Мулоқотда олий даражада эришилган келишувларнинг изчил амалга оширилиши савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, таълим, маданият ва туризм соҳаларидаги алоқаларни ривожлантиришга хизмат қилаётгани қайд этилди.
Ушбу жараёнда парламентларнинг ўрнига алоҳида эътибор қаратилиб, давлат раҳбарлари ўртасида эришилган келишувлар ижроси устидан парламент мониторингини амалга ошириш, уларнинг ўз вақтида ва самарали бажарилишига кўмаклашиш муҳимлиги таъкидланди.
Қонун ижодкорлиги ва парламент назорати соҳаларида тажриба алмашиш, маҳаллий вакиллик органлари, айниқса, чегарадош ҳудудлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш зарурлиги қайд этилди.
Томонлар таълим, соғлиқни сақлаш, туризм ва маданият соҳаларидаги ҳамкорликни изчил давом эттириш, парламентлараро мулоқотни фаоллаштириш, мавжуд келишувларнинг амалий натижадорлигини ошириш ва кўп қиррали ҳамкорликни янги мазмун билан бойитишга қаратилган саъй-ҳаракатларни давом эттиришга келишиб олди.
Норгул Абдураимова, ЎзА