Ўзбекистон ва Қатар таълим тизимида тажриба алмашувини кенгайтиради
Мамлакатимизда таълим сифатини ошириш, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш ҳамда халқаро тажрибани таълим жараёнига жорий этиш йўналишида ҳамкорлик алоқалари кенгайиб бормоқда.
Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги директори Севара Шакирова ҳамда Қатар давлати Таълим назорати бошқармаси раҳбари Фатима Ал-Рашид бошчилигидаги делегация ўртасида расмий учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқот давомида таълим соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш, илғор ўқитиш методикаларини жорий этиш ҳамда ўзаро тажриба алмашиш масалалари муҳокама қилинди.
Қатар томони Агентлик тизимидаги таълим муассасаларида иқтидорли ўқувчиларни тайёрлаш, аниқ ва табиий фанларни ўқитиш ҳамда халқаро фан олимпиадаларида эришилаётган натижаларни юксак баҳолади. Шунингдек, мазкур йўналишларда ҳамкорликни янада ривожлантиришга тайёр эканини билдирди.
Учрашув якунида STEM йўналишида қўшма таълим дастурларини йўлга қўйиш, ўқувчи ва педагоглар алмашинуви, ёзги таълим оромгоҳларини ташкил қилиш ҳамда халқаро фан олимпиадаларига тайёргарлик бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан келишувга эришилди.
М.Ҳожиакбарова, ЎзА