Ўзбекистон ва Покистон: халқларимиз манфаатларига хизмат қиладиган ҳамкорлик янги мазмун билан бойитилади
Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев Покистон Ислом Республикасининг янги тайинланган Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Муҳаммад Мудассир Типу билан учрашди.
Суҳбат чоғида Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларининг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.
Кейинги йилларда икки томонлама муносабатлар изчил ривожланиб, сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда амалий ҳамкорлик кенгайиб бораётгани таъкидланди.

Парламентлараро алоқаларни янада мустаҳкамлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Қонун ижодкорлиги соҳасида тажриба алмашиш, парламентлараро ҳамкорлик гуруҳлари фаолиятини янада жонлантириш, ҳудудлараро алоқаларни кенгайтириш ҳамда халқаро парламент ташкилотлари доирасида ўзаро қўллаб-қувватлаш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Учрашув якунида икки мамлакат халқлари манфаатларида парламентлараро ҳамкорликни янги мазмун билан бойитиш бўйича ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олинди.
Н.Абдураимова,
ЎзА